Жаҳон | 16:17 / 26.07.2021
14649
8 дақиқада ўқилади

Қатар визасини олиш талаблари ҳақида биласизми?

UzbekLife колумнисти бу гал Қатар мамлакати визасини олиш тартиби ҳақида мақола тайёрлади.

У орқали виза олиш талаблари, тўловлари ва турлари ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Қатар виза сиёсати хусусиятлари

Қатар виза сиёсати бошқа Яқин Шарқ мамлакатларига нисбатан анча юмшоқ. 80 дан ортиқ мамлакат фуқаролари Қатарга визасиз киришлари мумкин. Қатарда визасиз бўлиш баъзи давлатлар фуқаролари учун 90 кундан 180 кунгача бўлган муддатни ташкил қилса, айрим давлатлар учун ушбу муддат бироз қисқароқ – 30 кунни ташкил этади. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси юқоридаги иккала тур давлатлар қаторида эмаслиги сабаб Қатарга саёҳат қилиш учун виза олишларига тўғри келади.

Қатар визаси турлари

Қатарга саёҳат мақсадингизга қараб Қатар визасининг бир қанча турларидан бирига мурожаат қилишингизга тўғри келади. Қатар визасининг қуйидаги турлари мавжуд:

1) Қатар сайёҳлик визаси;

2) Қатар бизнес визаси;

3) Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши фуқаролари учун виза;

4) Қатар оилавий яшаш визаси ва оилавий ташриф визаси;

5) Қатар таълим визаси;

6) Қатар транзит визаси ва бошқа турдаги визалар.

Қатарга бир марталик ёки кўп марталик кириш визалари мамлакатлар ўртасидаги амалдаги виза режимларига мувофиқ белгиланади.

Қисқа муддатли қолиш визалари – C виза

Қисқа муддатли виза аризачининг 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда мамлакатда бўлиши учун тақдим этиладиган виза тури саналади.

Қатар бизнес визаси

Бизнес визалари Қатарда вақтинча иш фаолияти юритишга имкон берувчи виза тури ҳисобланади. Қатарда 72 соат мобайнида қисқа муддатли бизнес мақсадидаги саёҳатлар учун бериладиган ушбу визани яна 72 соатгача узайтириш мумкин. Ушбу виза, шунингдек, чет эллик ишчиларга ёки қисқа муддатли шартномавий меҳнат билан шуғулланмоқчи бўлган кишилар учун ҳам тақдим этилади. Бу ҳолда визанинг амал қилиш муддати уч ойни ташкил қилади. Қатар бизнес визаси Қатардаги компания ёки иш билан таъминловчи муассаса томонидан тасдиқлангандан сўнг берилиши мумкин.

Қатар транзит визаси

Агар сиз Қатар орқали учинчи манзилга борадиган бўлсангиз ва бу давр оралиғида сизнинг Қатарда бўлиш муддатингиз беш соатдан кўпроқ вақтни ташкил этса, у ҳолда сиз Қатар транзит визасини олишингиз керак. Қатар транзит визаси бепул бўлиб, сиз ундан Қатарга тўрт кунга (96 соат) кириш ва қолиш учун фойдаланишингиз мумкин.

Ушбу виза тури учун мурожаат қилиш ва натижаларни билиш тартиби юқорида маълумот берилган Қатар сайёҳлик визасиники билан бир хил.

Қатар транзит визасини 4 кундан ортиқ муддатга узайтириш мумкин эмас. Агар сиз 4 кундан кўпроқ қолишни истасангиз, Қатар сайёҳлик визасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Ҳужжат топшириш учун сиз паспортингизнинг сканерланган нусхасини ва борадиган учинчи мамлакат учун виза (агар виза талаб қилинса) ва чиптани тақдим этишингиз зарур. Шунингдек, ҳам ички, ҳам ташқи парвозларингиз Qatar Airways орқали амалга оширилиши керак.

Узоқ муддатли қолиш визаси – Д виза

Узоқ муддатли виза ўз эгасига Қатарга 90 кундан ортиқ муддатга ташриф буюриш ҳуқуқини беради. Қатарда тадбиркорлик сармояларини киритишни истаган чет элликлар меҳнат қилиш шарт-шароитларисиз яшаш ҳуқуқига эга. Бу каби чет элликлар мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатлар, хайрихоҳлик гувоҳномаси ва малакали тиббий кўрикдан сўнг инвестор визасини олишлари мумкин.

Чет элдан келган ишчилар ўз оила аъзоларини муайян шароитларда Қатарга олиб келишни истасалар, оилавий яшаш визасига мурожаат қилишлари лозим. Бунинг учун улар етарлича ресурсларга эга бўлишлари ва Қатарда камида 6 ойлик меҳнат фаолиятига эга эканликларини кўрсатишлари керак. Оилавий яшаш визаси чет эллик ишчиларнинг иш берувчилари асосида берилади.

Қатарда жойлашган таълим муассасасида ўқишни истаган чет эл фуқаролари ўзларининг олий ўқув юртида ўқишини тасдиқлаган ҳолда, таълим визасини олишади.

Қатар визаси талаблари

Қатар визасини олиш учун сиз қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхаларини (рангли сканерланган ҳолатда) топширишингиз керак:

  • Паспортингизнинг биографик маълумот саҳифаси;
  • Паспорт ўлчамидаги, яқинда олинган расмингиз;
  • Тасдиқланган авиачиптангиз;
  • Қатарда турар жойингиз мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат, масалан меҳмонхона буюртмаси;
  • Агар сиз Қатардаги қариндошингиз ёки дўстингизникида қолсангиз, улардан:

- сизнинг номингизга ёзилган ваколат хати;

- Қатар ID ва яшаш визаси;

- паспортининг биографик маълумот саҳифа нусхаси;

- ижара шартномасининг нусхасини олишингиз ва тақдим этишингиз лозим.

  • Сизнинг саёҳат мақсадингиз билан боғлиқ ҳар қандай қўшимча ҳужжатлар, масалан, Қатар, Шенген мамлакатлари, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия ёки Канада томонидан берилган аввалги визалар;
  • Қатарга камида 8000 АҚШ доллари сармоя киритганингизни тасдиқловчи ҳужжат;
  • Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
  • Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома.

Аризани кўриб чиқиш жараёни ва бошқа қўшимча талаблар

Қатар визаси учун аризангиз Қатар Ички ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилади. Агар сизнинг аризангизни кўриб чиқиш учун масъул бўлган иммиграция ходимлари сизга қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш зарур деб ҳисобласалар, сизга бу ҳақда хабар беришади.

Эътибор беринг: Ҳужжатларингизнинг барча электрон нусхалари (рангли сканерланган ҳолатда) аниқ ва тўлиқ тушунарли бўлиши керак.

Қатар онлайн сайёҳлик визасига қандай мурожаат қилинади?

Қатар ҳукумати томонидан 2017 йилда тақдим этилган Қатар eVisa – бу виза олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар дунёнинг исталган нуқтасидан онлайн равишда олишлари мумкин бўлган электрон виза тури. Ҳозирда 230 га яқин мамлакатдан келган фуқаролар онлайн тарзда Қатар визаси учун ариза топширишлари мумкин. Бу жараён бирмунча содда бўлиб, бир неча дақиқа давомида амалга оширилади. Қатар визаси учун мурожаатни qatarvisaservice.cом веб-сайти ёки Qatar Airways ҳаво компаниясининг веб-сайти орқали амалга оширишингиз мумкин.

Онлайн мурожаат жараёни

Қатар визасига онлайн равишда мурожаат қилиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:

1. Онлайн ариза шаклини тўлдиринг ва барча тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг.

2. Виза тўловини дебит ёки кредит карта (Visa ёки Mastercard) орқали тўланг. Қатар онлайн визаси учун тўлов 100 Қатар риалини (тахминан 27 АҚШ доллари)  ташкил этади.

3. Мурожаат натижаларини электрон почта орқали оласиз. Уни чоп этинг ва ўзингиз билан бирга Қатарга олиб келинг.

Қатар визасини олиш муддати, тўловлар ва визанинг амал қилиши

Агар барча ҳужжатлар ва аризангиз билан боғлиқ муаммолар бўлмаса, Қатар визаси учун аризаларни кўриб чиқиш кўпи билан 4 иш кунини ўз ичига олади.

Қатар сайёҳлик визаси учун тўлов 100 Қатар риалини (27 АҚШ доллари) ташкил этади. Агар сиз билан бирга ҳамроҳларингиз, масалан, оила аъзоларингиз бўлса, уларнинг ҳар бири учун қўшимча 50 Қатар риали (тахминан 13 АҚШ доллари) миқдорида тўлов олинади.

Шу билан бирга, сизнинг виза аризангизни кўриб чиқаётган компания учун қўшимча хизмат ҳақи тўлашингизга тўғри келиши ҳам мумкин.

Қатар визаси 30 кунлик муддатга ва бир марталик кириш учун берилади. Виза муддатини Қатар ичкарисидан Ички ишлар вазирлиги орқали узайтириш мумкин. Бунинг учун вазирлик расмий веб-сайтига онлайн мурожаат қиласиз. Кейинги босқичлар қуйидагича амалга оширилади:

1) Хизматга кириш учун тегишли жойларга виза рақамингизни, паспорт рақамингизни ва кўрсатилган хавфсизлик кодини киритинг.

2) Визани қанча муддатга узайтиришни танланг.

3) Тегишли тўловни тўланг.

Визани 30 кунга узайтириш учун тўлов 200 Қатар риалини ташкил қилади.

Давлатбек Асадов,

UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид