Ўзбекистон | 19:57 / 28.07.2021
22947
2 дақиқада ўқилади

«Эмланмаганларга жуда оғир бўляпти» — Мирзиёев аҳолини яна бир бор вакцина олишга чақирди

Президент халқ саломатлигини сақлаш учун барча чоралар кўрилишини маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат мураккаблашганига тўхталиб, вакцинацияни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

«Мен жаҳоннинг етакчи олимлари тадқиқотлари билан қизиқдим: коронавирус пандемияси 10 йил давом этиши тахмин қилинмоқда. Биз энди бу вирус билан яшашни ўрганишимиз зарур.

Афсуски, касаллик тарқалиши яна кучайиб кетди. Вазият мураккаб, бундай вазиятда эса асосий чора - вакцинацияни кучайтириш. 3 млн доза Moderna вакцинасини 4 августда эмас, эртароқ олиб келяпмиз. Ўзимизда «Спутник» вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз.

Энди фаол эмланиш зарур. Мени ҳайрон қолдираётгани зиёли одамлар ҳам вакцина олишдан қайтаришяпти. Халқимиз саломатлигини сақлаш учун барча чораларни кўрамиз», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари ҳукумат ҳар бир фуқаро ҳаёти учун курашишда ва бунинг учун зарур воситаларни йўналтиришда давом этишини таъкидлаб, фуқаролар ўз ҳаётлари ва саломатликлари учун масъул эканликларини яна бир бор эслатиб ўтган.

«Вакцина олганлар шифохонадан тўрт кунда чиқяпти, эмланмаганларга эса жуда оғир бўляпти. Ҳа, вакцина олгандан кейин касалланиш мумкин, лекин касаллик енгил формада кечяпти», дея қайд этган давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури орқали ажратилган Moderna вакцинасининг 3 миллион дозаси 29 июл куни Алабама штатидан махсус рейс билан Ўзбекистонга етказилиши кутилмоқда.

Президент 23 июль куни ўтказилган видеоселекторда ҳам эпидемиологик вазият юзасидан халққа мурожаат қилиб, барчани коронавирусга қарши эмланишга чақирганди.

«Вакцинация, вакцинация, яна бир марта вакцинация. Жуда катта машаққатлар билан вакциналарни олиб келяпмиз. 4 август куни яна 3 миллион янги доза Америкадан келадиган бўлди. Мана 2,5 миллион доза вакцинамиз бор, лекин ҳали ҳам одамларимиз вакцинага ишонмаяпти, жуда катта йўқотиш бўляпти ораларимизда», деганди давлат раҳбари.

Мавзуга оид