Спорт | 14:53 / 29.07.2021
22085
3 дақиқада ўқилади

Фанат Қаҳрамонов қозоғистонлик рақибга мағлуб бўлди. Боксчиларнинг ярми турнирни эрта тарк этди

Ўзбекистонлик спортчилар Олимпиаданинг навбатдаги кунидаги иштирокини якунлади. Бугунги баҳсларда медал олинмади, боксчилар жамоасининг яна икки вакили турнир билан хайрлашди.

Ўзбекистон бокс жамоасининг яна бир вакили Токио-2020 Олимпиадасини тарк этди. 

-75 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Фанат Қаҳрамонов 29 июль куни нимчорак финал доирасида қозоғистонлик Абилхан Аманқулга қарши рингга кўтарилди.

Қаҳрамонов биринчи раундни ўз фойдасига ҳал қилди, аммо иккинчи раундда кучли зарбаларни ўтказиб юборгач, рефери нокдаун ҳолатини қайд этди, ҳакамлар ҳам бу раундда қозоғистонлик боксчи ғалабасини қайд этишди. Учинчи раундда ҳам Аманқул фаолроқ ҳаракат қилди ва якунда ғалабага эришди.

Шу билан бокс бўйича эркаклар жамоасининг тўртинчи вакили ҳам турнирни эрта якунламоқда. Санжар Турсунов (-91 кг) саралаш босқичидаёқ ютқазган, иштирокини 1/8 финалдан бошлаган Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) ҳам илк жангдаёқ ҳакамлар қарорига кўра мағлуб деб топилган, Дилшод Рўзметов (-81 кг) эса саралашдан муваффақиятли ўтиб, нимчорак финалда озарбойжонлик боксчидан мағлуб бўлган, шунингдек, аёллар жамоасининг икки вакили Шаҳноза Юнусова (-69 кг) биринчи жангида ютқазиб иштирокини якунлаганди.

Турсуной Раҳимова (-51 кг) эса дастлабки жангида польшалик Сандра Драбикни енгиб, ўзбекистонлик аёл боксчилар орасида Олимпиада ўйинида ғалаба қозонган илк спортчи бўлганди. Аммо бугун ўтказилган иккинчи жангида ҳакамлар қарорига кўра туркиялик рақибга мағлуб бўлди.

Бугунги баҳсларда Ўзбекистон делегацияси байроқдори, +91 кг вазн тоифаси вакили Баҳодир Жалолов Олимпиададаги юришини бошлади. У илк жангида озарбойжонлик Муҳаммад Aбдуллаевни катта устунлик билан мағлубиятга учратди ва чорак финалга чиқди. Энди у 1 август куни кейинги босқичда ҳиндистонлик Сатиш Кумарга қарши жанг қилади.

Ўзбекистонлик боксчилардан яна бири - Бобо-Усмон Батуров (-69 кг) ҳам чорак финалга чиққан. У 30 июль куни британиялик Пэт Маккормак билан жанг қилади.

Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) ва Элнур Абдураимов (-63 кг) илк жангларни муваффақиятли ўтказган, 31 июль куни чоракфинал йўлланмаси учун жангларда қатнашади. Зоиров Кабо-Верде вакили Варела де Пина Даниел Дэвидга қарши рингга чиқади, Абдураимовнинг рақиби тожикистонлик Баҳодир Усмонов бўлади.

Бундан ташқари, аёллар жамоасидан Райҳон Қодирова (-60 кг) 30 июль куни нимчорак финалдан баҳсларга қўшилади. Унинг илк рақиби конголик Юмба Наоми бўлади.

Бугун дзюдо жамоасининг яна бир вакили, -100 кг вазн тоифасида иштирок этган Муҳаммадкарим Хуррамов ҳам медалсиз қолди. У дастлабки босқичда ирландиялик Бенжамин Флетчерни енгди, аммо нимчорак финалда япониялик жаҳон чемпиони Арон Вольфга мағлуб бўлди.

Мавзуга оид