Ўзбекистон | 12:03 / 30.07.2021
1837
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда электрон савдо орқали ер олиб беришини айтиб, фуқаронинг пулини ўзлаштирган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида электрон савдо орқали ер олиб беришини айтиб, фуқаронинг пулини ўзлаштирган шахсга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Олтинсой тумани Гулобод маҳалласида яшовчи Ш.Жаҳонгир туман ИИБга мурожаат қилган. У ўз мурожаатида 2020 йил 15 декабрь куни Термиз шаҳар Ат-Термизий кўчасида яшовчи Т.Ҳожиакбар, Олтинсой тумани Ҳалқабод маҳалласида жойлашган фермер хўжалиги дала майдонидан тижорат биноси қуриш учун 80 сотих ер майдонини олиб беришини айтиб, ундан пул олганини маълум қилган.

Олтинсой туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ўтказилган дастлабки суриштирувда, Т.Ҳожиакбар 80 сотих ерни Ш.Жаҳонгирга 21 миллион сўм пул эвазига «Электрон савдо» орқали олиб беришини айтиб, ундан ушбу пулларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборгани аниқланган.

Қайд этилишича, жорий йил 24 июль куни Олтинсой тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Т.Ҳожиакбарга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид