Жаҳон | 00:05 / 31.07.2021
50633
10 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Хитойда яна касаллик авж олди, Бразилия «Спутник» учун шартномани бекор қилди

Хитойда - янги, ҳозирча кенг бўлмаган кўламда касалланиш авж олди, бунга сабаб бўлган вирус штамми Россиядан келгани тахмин қилинмоқда; Бразилия «Спутник V» етказиб бериш бўйича шартномани бекор қилди; Австралия чегаралари кейинги йилгача очилмайди.

Фото: Getty Images

Пандемия бошидан буён расмий статистика бўйича зарарланганлар сони 197 млн кишидан ошган, 4,2 млн киши касаллик қурбонига айланган. Ҳозирча Ер шари аҳолисининг 14,4 фоизи тўлиқ эмланган.

Хитойда янги ўчоқ - Уҳан давридан буён энг ёмон вазият

Хитойда касаллик яна кенг тарқала бошлади: дастлаб тўққиз миллион киши яшайдиган Нанкинда вирус аниқлангач, тез орада бешта провинция ва Пекинда ҳам касаллик авж олди. Расмийлар вирус самолёт орқали Россиядан кириб келганини тусмол қилишмоқда.

Ҳозирча касалланганлар сони 200 нафар атрофида, аммо ҳукумат нашрлари буни 2019 йил Уҳанда эпидемия тарқалишидан кейинги энг жиддий вазият сифатида баҳолашмоқда.

Маҳаллий расмийлар янги ўчоқ пайдо бўлишини «Дельта» штамми мамлакатга кириб келиши билан боғлашмоқда, унинг Нанкиндаги илк ташувчиси самолёт бортида ишлаган фаррош бўлиб,у 10 июль куни Россиядан учиб келган.

Нанкин аэропорти 11 августга қадар ёпилган; ҳукумат шаҳарнинг 9,3 миллионлик аҳолисини ва шаҳарга келувчиларни ёппасига тест қилиш кампаниясини бошлаган. Бошқа ҳудудлардаги тест қилиш ишлари шуни кўрсатмоқдаки, «Дельта» яна 13 шаҳарга, шу жумладан пойтахт Пекинга ҳам етиб борган.

Шу билан бирга, Global Times газетаси билан суҳбатлашган экспертлар касаллик авж олиши илк босқичдаёқ аниқлангани ва вирус кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мумкинлигини айтишмоқда.

Шу вақтгача хитойлик расмийлар, уларнинг ўзлари берган статистикага кўра, вирусни муваффақият билан жиловлаб келишаётганди, бир неча ҳолатлар аниқланган кичик ўчоқлар дарҳол қатъий карантинга олиниб, ҳудудлар чегаралари ёпилиши самара бераётганди.

Бразилия «Спутник»дан воз кечди - бу вақтинча бўлиши ҳам мумкин

Россиянинг «Спутник V» вакцинасининг сертификацияси кечикиши муносабати билан Бразилия ушбу вакцинанинг 10 млн дозаси учун шартномани бекор қилмоқчи: Россияликларнинг Бразилиядаги ҳамкор компанияси вакцина ҳақидаги керакли маълумотларни тақдим этмаган.

Пайшанба куни Бразилия соғлиқни сақлаш вазири Марселу Кейрога «Спутник» етказиб бериш бўйича март ойида имзоланган шартнома бекор қилиниши, бунга Бразилиядаги Anvisa регулятори россияликлар вакцинасини ўз вақтида сертификатлаштирмагани сабаб бўлишини маълум қилди.

«Спутник» тарғиботи билан шуғулланувчи Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди Uniao Quimica фармацевтика компанияси билан вакциналар етказиб бериш ҳамда уни жойида ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолаганди. Етказиб бериш ҳамда ишлаб чиқариш учун сертификация талаб этилади, аммо регулятордагилар компания бунинг учун вакцина ҳақидаги керакли маълумотларни тақдим этмаганини маълум қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, «Спутник» расман тасдиқлангачгина Бразилия уни сотиб олиши мумкин, унгача эса мамлакат аҳолиси бошқа вакциналар билан эмланади.

Reuters агентлиги Россия фондидан ва UniaoQuimica компаниясидан вазиятни изоҳлашни сўраган, аммо ҳозирча жавоб ололмаган.

Япония - Фавқулодда ҳолат ҳудуди кенгаймоқда

Японияда вирус тарқалиши темпи ўсишда давом этмоқда: сўнгги бир кунда ушбу мамлакатда 10743 кишида касаллик қайд этилган (бир кун олдин ҳам 10 мингдан кўпроқ ҳолат), бош вазир Ёшихиде Суга яна тўрт префектурада фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Олимпия ўйинлари ўтказилаётган Токио атрофидаги ҳудудларда ва мамлакат ғарбида жойлашган Осака мегаполисида фавқулодда ҳолат режими жорий этилган. Японияда фавқулодда ҳолат режими шартлари у қадар мураккаб эмас, масалан, уйда ўтириш талаб қилинмайди: ҳукумат шунчаки ишга бормасликни тавсия этади.

Анча аввалроқ фавқулодда ҳолат режими жорий этилган Токионинг ўзида сўнгги бир кунда 3300та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Пойтахт шифохоналаридаги оғир аҳволдаги ковид беморлари учун мўлжалланган койкаларнинг 60 фоизи банд.

Олимпиада иштирокчилари ва ташкилий ишлар бўйича ходимлар орасида сўнгги бир кунда 27 нафар янги вирус ташувчи аниқланган, бундайлар сони энди 200 кишидан ошади. Ўйинлар ташкилотчилари қатъий карантин, мухлислар киритилмаслиги ва тотал тест қилиш мусобақани давом эттиришни таъминлашига ҳамда вирус «олимпия қобиғи»ни ёриб ўта олмаслигига ишонтиришганди.

Австралия ҳали-бери очилмайди

Австралия бош вазири Скотт Моррисон қитъа-мамлакат чегаралари аҳолининг 80 фоиздан ортиқ қисми тўлиқ эмлаб бўлинмагунча очилмаслигини маълум қилди. Ҳозирча катта ёшли австралияликларнинг тахминан 18 фоизи вакцинанинг икки дозасини ҳам қабул қилган.

Моррисон жума кунги чиқишида коронавирус устидан ғалаба қозониш бўйича режа ҳақида гапирди. Унинг ҳукумати тузган режа тўрт босқични ўз ичига олади, бош вазирнинг сўзларига кўра ҳозирда Австралия биринчи босқичда турибди - бу локдаунлар орқали вирусга босим ўтказиш ва уни тийиб туриш босқичидир.

Австралия учинчи босқичга бориб ўз чегараларини очиш хавфсиз деб ҳисоблаши мумкин. Бу босқичда ҳукумат эмланган австралияликлар исталган мамлакатга учишига рухсат беради.

Бош вазир учинчи босқич янги йилдан кейин бошланиши мумкинлигига умид билдирган.

Австралия шу вақтгача бошқа катта давлатлар орасида пандемияни нисбатан яхши жиловлаган давлат бўлди: 26 миллион кишига жами касалланиш ҳолатлари 34 минг атрофида ва мингга яқин ўлим. Бу - чегаралар тез ва тўлиқ ёпилиши самараси бўлди.

Ҳозирда Австралия чегараларини фақат ўзи каби пандемияга қарши муваффақиятли курашган Янги Зеландия учун очган; айни вақтда бундай рўйхатга Сингапурни ҳам қўшиш бўйича музокаралар кетмоқда.

Исроил учинчи доза билан эмлаш кампаниясини бошлади

Исроил дунёда биринчи бўлиб аҳолини коронавирусга қарши оммавий қайта эмлашни бошлади.

Мамлакатда коронавирусга қарши вакцинанинг иккинчи дозасини камида беш ой аввал олган 60 ёшдан катта одамлар Pfizer / BioNTech вакцинасининг учинчи дозаси билан қайта эмланади.

Иммунитетни кучайтирувчи инъекцияни жума куни телекамералар қаршисида 60 ёшли президент Исаак Ҳерцог олди.

Президентни Pfizer/BioNTech вакцинаси билан эмлашди. Бу жараёнда иштирок этган бош вазир Нафтали Беннет журналистларга берган интервьюсида Исроил бу ишда кашшоф эканини айтиб, учинчи эмлаш самараси ҳақидаги маълумотларни бутун дунё билан бўлишишини маълум қилди.

Беннетнинг сўзларига кўра, аслида учинчи доза билан эмлаш бўйича кампания расман бошланишидан олдин иммунитети пасайтирилган икки минг исроиллик синов жараёнида қатнашган ва уларда ҳозиргача ножўя таъсирлар кузатилмаган.

Исроил - вакцинация бўйича дунё етакчиларидан бири бўлиб турибди: 9,3 миллион кишидан 57 фоизи икки дозани ҳам қабул қилиб бўлган. Расмийлар қайта эмлаш заруратини мамлакатда «дельта» («ҳиндча») штаммнинг тарқалиши билан изоҳлади. Бу штамм туфайли Исроилда ҳам касалланиш ҳолатлари ортиши кузатилган: бир неча ой олдин кунлик ҳолатлар бир нечта эди, ҳозир эса кунига икки мингдан ортиқ ҳолатлар қайд этилмоқда.

Ўз навбатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти учинчи доза билан қайта эмлашнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги борасида етарлича тадқиқотлар ўтказилмагани учун ҳали бундай эмлашни тавсия этмаяпти. Ташкилотдагилар бунинг ўрнига, ривожланган давлатлар вакциналарни камбағал давлатлар билан бўлишиши кераклигини, шу орқали коронавируснинг қайтадан кенг авж олиши ва янги штаммлар пайдо бўлишининг олдини олиш мумкин бўлишини таъкидлаган.

Байден эмланганларни мукофотлашга чақирди

АҚШ президенти Жо Байден штатлар расмийларини ковидга қарши вакцина олганларга 100 доллар миқдорида мукофот бериш, шунингдек, федерал хизматчилар учун мажбурий эмланишни жорий этишни таклиф этди.

АҚШда аҳолининг қарийб ярми тўлиқ эмланган.

Мукофот учун пулларни штатлар пандемияга қарши кураш бўйича федерал жамғармадан олишлари мумкин - бу маблағ ҳажми икки триллион долларгача етади. Бундан ташқари, Байден ходимлари эмланиши учун уларга дам олиш кунлари тақдим этган кичик ва ўрта бизнес вакилларининг йўқотишлари қоплаб берилишини ваъда қилган.

АҚШда федерал хизматчиларнинг сони икки миллион атрофида - эмланмаганлар ишдан бўшатилмайди, аммо улар ҳар куни тест топшириш ва ниқобда бўлишга мажбур бўлишади.

Жо Байден бу чоралар «Дельта» штамми кенг тарқалгани ва «эмланганлар орасидаги пандемия» билан изоҳланишини маълум қилди. Тиббиёт ходимларининг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШда ковид қурбонларининг 99 фоизи вакцина олмаганлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

АҚШ Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича марказнинг пайшанба куни эълон қилинган ҳисоботида «Дельта» штамми аввалги штаммларга қараганда бир ярим баробар юқумлироқ экани, унинг юқумлилик даражаси сувчечакники билан бир хиллиги қайд этилган. Шу билан бирга, ушбу штаммдан ўлим даражаси аввалги штаммларникидан юқори эмас.

Дастлаб Ҳиндистонда қайд этилган «Дельта» штамми ҳозиргача дунёнинг 132 мамлакатида қайд этилган ва ҳозирда дунёдаги янги ҳолатларнинг аксар қисми шу штамм билан боғлиқдир.

Мавзуга оид