Жамият | 18:42 / 02.08.2021
2094
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахс бошқарган «Жигули» 3та машина билан тўқнашди. Бир йўловчи вафот этди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахс ўзига тегишли бўлмаган «Жигули» машинасини бошқариб, 3та машина билан тўқнашув содир этди. Бир йўловчи вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 1 август куни М41 Бишкек-Душанбе-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жарқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи 1573-километрида 4 та машина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган шахс бировга тегишли «Жигули» машинасини бошқариб кетаётиб, қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан. Сўнг бошқарувни йўқотиб, аввал «Кобальт»га, кейин «Дамас» ва бошқа бир «Кобальт»га урилган. Оқибатда, «Жигули» энг охирида тўқнашган «Кобальт»да йўловчи сифатида кетаётган шахс оғир тан жароҳатлари олиб ҳодиса жойида вафот этган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, «Жигули» бошқариб кетаётган шахс рўпарадан келаётган машиналар билан оралиқ масофани инобатга олмасдан қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан. Бундан ташқари, у белгиланган меъёрдан ортиқ тезликда ҳаракатланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Жарқўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид