Ўзбекистон | 17:05 / 03.08.2021
2927
2 дақиқада ўқилади

Самарқандлик шахс BMW машинаси билан Жиззахда Nexia’ни йўлдан сиқиб чиқариб ЙТҲ содир этди ва қочиб кетди

Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс ўз бошқарувидаги BMW машинаси билан Тошкентга кетаётиб, Жиззах вилояти ҳудудида Қашқадарё вилоятида яшовчи шахс бошқарувидаги Nexia машинасини сиқиб йўл четига чиқариб юборган. Оқибатда Nexia йўл-транспорт ҳодисасига учраб, шикастланган. Унда йўловчи сифатида кетаётган шахс тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 30 июль куни соат 14:35ларда М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган 976-километрида инсон ҳаётига хавф солган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Самарқанд-Тошкент йўналишида кетаётган Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган ҳайдовчи, давлат рақам белгиси 10Н020RA бўлган BMW523 машинаси билан шу йўналишда ҳаракатланаётган Қашқадарё вилояти, Нишон туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia машинасининг йўлини кескин сиқиб, уни йўл четига чиқариб юборган. Натижада, Nexia ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги тўсиққа бориб урилиб, ағдарилиб кетган. BMW523 ҳайдовчиси Nexia’нинг бетон тўсиққа урилиб ағдарилганини кўриб тўхтамаган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳодиса улар билан бир йўналишда келаётган юк машинасига ўрнатилган видеокузатув камерасига ёзиб олинган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқишига сабабчи бўлган BMW523 машинаси ҳайдовчисининг шахсига аниқлик киритилиб, транспорт воситалари вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасида ҳеч ким жиддий тан жароҳати олмаган. Фақат Nexia’да бўлган бир нафар йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид