Жаҳон | 23:01 / 04.08.2021
21155
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи дозаси билан эмлашни тўхтатиб туришга чақирди

ЖССТ коронавирусга қарши ревакцинация, яъни вакцинанинг учинчи дозаси билан эмлашни камида сентябргача тўхтатиб туришга чақирди. ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таъкидлашича, бундай чора дунёда вакцинанинг биринчи ва иккинчи дозаси билан эмлашнинг етарли даражасини таъминлаш учун зарур.

“ЖССТ бустер эмлашга камида сентябргача мораторий киритишга чақиради”, деб айтган Гебрейесус. Унинг таъкидлашича, бунинг эвазига паст даромадли давлатларга кўпроқ вакцина йўналтирилиб, дунё аҳолисининг 10 фоизини сентябргача эмлаш бўйича қўйилган мақсадга эришиш мумкин бўлади.

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, учинчи дозага мораторийни биринчи навбатда аҳолисининг катта қисми вакцинанинг икки дозасини олиб бўлган бой давлатлар киритиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бустер, яъни вакцинанинг учинчи дозасини қўллаш эмлаш самарадорлигини ошириш учун зарур. Исроил, Франция, Германия ва Яқин Шарқ давлатларининг кўпчилиги тўлиқ эмланган аҳолисига вакцинанинг учинчи дозасини киритиш бошланишини эълон қилган. Шунингдек, АҚШ ва Британияда ҳам ушбу чора вируснинг хавфлироқ “дельта” штаммига қарши кураш усулларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид