Ўзбекистон | 15:37 / 05.08.2021
5490
2 дақиқада ўқилади

Депутат сайловларни бир неча кун давомида ўтказишни таклиф қилди

“Адолат” СДПнинг 5 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари пленумида партия вакили, Олий Мажлис депутати Қодир Жўраев қатор таклифлар билан чиқди.

Қодир Жўраев

Унинг сўзларига кўра, мамлакат жиддий сайловлар олдида турибди. 

“Маълумки, икки йилдан бери давом этаётган пандемия дунёнинг ҳамма давлатларига зарар келтирди. Шунга қарамай, бу вақт оралиғида жаҳоннинг 40дан ортиқ давлатларида сайловлар бўлиб ўтди.

Мен партиямиз номидан бир таклифни илгари суриш тарафдориман. Пандемия даврини ҳисобга олиб, сайловларни фақат 24 октябрда эмас, бир неча кун давомида ўтказиш таклифини Марказий сайлов комиссиясига киритсак. Шунда тирбандликларнинг, одамлар бир жойда тўпланиб қолишининг, яъни касаллик тарқалишининг олди олинарди”, – деди Қодир Жўраев.

Kun.uz билан суҳбатда Қодир Жўраев бу таклиф аввал муҳокама қилиниши, шундан кейингина Марказий сайлов комиссиясига киритилишини билдирди. 

“Бу борада якуний қарор қабул қилиш Марказий сайлов комиссиясининг ваколатида”, – деди Олий Мажлис депутати.

Маълумот учун, “Адолат” СДПнинг навбатдан ташқари пленумида президентлик сайловларига партия раҳбари Баҳром Абдуҳалимовни номзод сифатида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Мавзуга оид