Ўзбекистон | 18:31 / 05.08.2021
13776
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилиб, унга 20 млрд сўм ажратилди

Ўзбекистонда Гул етиштирувчилар уюшмаси ташкил этилди. 4 августдаги қарорга мувофиқ, уюшмани ташкил этишга 20 млрд сўм ажратилади.

Ҳужжатга асосан, 2021–2024 йилларда йиллик экспорт тушумида гул экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ва 100 минг АҚШ долларидан кўпни ташкил қиладиган тадбиркорлик субъектларининг хомашё (гул кўчатлари, уруғлари, пиёзлари ва пайвандтаглари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.

Андижон, Жиззах ва Наманган вилоятларида майдони 2 сотих бўлган 25 та “Гулчилик ўқув полигонлари” ташкил этилади. Бунинг учун 0,5 гектар ер майдони ташаббускор тадбиркорларга электрон онлайн-аукцион (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда) ёки очиқ электрон танлов (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда) орқали ижарага берилади.

2023 йил 1 январга қадар бир қатор ўсимликлар (ТИФ ТН коди 0601 ва 0602) импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланади.

20 миллиард сўм қайси манбадан?

Гул етиштирувчилар уюшмасини тузиш учун 20 млрд сўм Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари жамғармасидан ажратилади. Бу жамғарма Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошида тузилган.

Жамғарма даромадлари қуйидагилардан иборат:

– давлат бюджетидан ажратиладиган ТИФ ТН коди 07 ва 08 бўлган товар гуруҳлари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишдан тушган божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) суммасининг 10 фоизига тенг ажратмалар,

– Давактив қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази” ДУКнинг очиқ савдоларида сотилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бошланғич баҳосидан ошган сумманинг 50 фоизи;

– халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Ҳозирги шароитда гулчилик муҳимми?

Арзимасдек туюлса-да, бироқ пандемия ҳамон давом этаётган, озиқ-овқат нархлари борасида хавотирлар сезилаётган, солиқ тўловчилар елкасида вакцинация харажатлари ҳам турган ҳозирги шароитда гулчиликка 20 млрд сўм ажратилиши мақсадга мувофиқлиги борасида солиқ тўловчиларда савол туғилиши табиий.

Биргина озиқ-овқат нархларига қарасак. Kun.uz таҳлилларига кўра, ўтган йил билан таққослаганда, суякли мол гўшти 17,4 фоизга, кунгабоқар ёғи 60,5 фоизга, пахта ёғи эса 61,2 фоизга, шакар нархи 33,1 фоизга қимматлашган.

Марказий банк ҳукуматни огоҳлантириб, келгуси ойларда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши дори-дармонлар, тиббий хизматлар ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилган.

Коронавирусга қарши курашиш ва унинг ортидан келган муаммолар кўндаланг турганда гулчиликни молиявий қўллаб-қувватлаш ғалати кўринади.

Ҳокимнинг гулчи қизи. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолиб кетди

Гул етиштирувчилар уюшмаси тузилганига муносабат билдираркан, иқтисодчи Отабек Бакиров Жиззах вилояти ҳокимининг қизига тегишли компания Жиззах шаҳрига гуллар экиш бўйича давлат буюртмасини ютганини эсга олди.

Вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи Наргиза Солиева эгалик қиладиган “My Flower” МЧЖ 2020 йил давомида жами қиймати 4 млрд сўмга яқин 3та давлат буюртмасини қўлга киритган эди [1, 2].

Жамоатчилик бундан хабар топгач, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли бор ҳолатни ўргана бошлаганди.

8 ойдан кўпроқ вақт ўтдики, ўрганишлар натижаси ҳақида маълумот берилмади.

Агентлик расмийси матбуот анжуманида Kun.uz саволига жавобан, тўпланган ҳужжатлар прокуратурага оширилганини маълум қилганди.

“Айнан Жиззах бўйича ўрганишлар қилиб, материалларни Бош прокуратурага берганмиз”, – деганди КҚКА бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Қодиров.

Мадина Очилова

Мавзуга оид