«Прагматик ташқи сиёсат» — Эксперт билан Марказий Осиё муаммолари ва уларни ҳал қилишда Ўзбекистоннинг ўрни ҳақида суҳбат
Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров Туркманистондаги саммит арафасида Kun.uz мухбири билан суҳбатда минтақада ҳал қилинмай қолаётган масалалар, Афғонистон, катта ўйинчиларнинг иштироки, иқлим муаммолари ва истиқболдаги имкониятлар ҳақида сўз юритди.
— Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларимиз қай даражада? 2016 йилгача ва ундан кейинги ўтган беш йил ичида ўзаро алоқаларимиз орасида тафовутлар нималарда кўринади?
— Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда осойишталик ҳамда барқарор тараққиётга эришиш йўлида амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон бугун яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларига таянган ҳолда фаол ва прагматик сиёсат олиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси туфайли минтақа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб боряпти. Шунингдек, энергетика, сув ва экология масалаларида ўзаро манфаатли муносабатлар ривожланмоқда. Тарихан қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди.
Бунинг аниқ натижаси сифатида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари ташкил этилгани айтиш мумкин. Мазкур учрашув доимий мулоқот майдонига асос солди, минтақада хавфсизлик, барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилиб келмоқда. Жорий йилнинг 6 августида Туркманистоннинг «Аваза» миллий туристик ҳудудида ташкил этилаётган Марказий Осиё давлат раҳбарлари маслаҳат учрашувининг навбатдаги йиғилиши доирасида ўтказилаётган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва минтақа Иқтисодий форуми, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ҳамда санъат усталарининг тантанали концерти Марказий Осиё давлат раҳбарлари саммитининг янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Сиёсий алоқаларнинг фаоллашуви иқтисодий муносабатлар ривожланишига ҳам туртки бўлди. Қўшни мамлакатлар билан савдо-сотиқ ривожланиши минтақанинг инвестицион жозибадорлиги ошишига замин яратмоқда. 2020 йил якунига кўра, минтақага киритилган жами хорижий сармоялар қиймати 37 миллиард долларни ташкил этиб, 2016 йилга нисбатан 40 фоизга ошди. Бу рақамлар қисқа муддатда қанчалик ўсишга эришилганини яққол ифода этади.
Ўзбекистон минтақа мамлакатлари, хусусан, Тожикистон ва Қирғизистон билан энг нозик масалалар ечимида, айниқса, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида прагматик ёндашиб, тарихий келишувларга эришмоқда.
Қўшни мамлакатлар чегарадош ҳудудлари даражасида алоқалар кенгайиб бораётгани, халқ дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланилаётгани ҳам минтақа давлатлари муносабатларини мазмунан бойитмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласида Марказий Осиё давлатлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан махсус комиссия тузилди. Ҳозирги кунда сув хўжалиги бўйича мавжуд бўлган трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишга алоқадор барча муаммолар ўзаро манфаатли қарорлар асосида ечимини топмоқда.
— Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳал қилинмай қолаётган қандай стратегик масалалар мавжуд?
— Ҳозирги даврда Марказий Осиё баъзи мамлакатлари орасида делимитация ва демаркация масалалари ўз якунига етмагани, иқтисодий соҳаларда чекловлар сақланиб қолаётгани, ўзаро савдо айланмасида томонлар улушининг камлиги, қўшма саноат лойиҳалари етарли эмаслиги минтақавий ҳамкорликнинг ривожланишига маълум даражада ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро савдо айланмаси, уларнинг умумий ташқи савдосининг 10 фоизини ташкил этади. Ваҳоланки, бу кўрсаткич Европа иттифоқи давлатларида 60 фоизга, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилотида 68 фоизга тенг.
Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларида фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжуд. Жумладан, минтақалараро товар айирбошлаш ҳажмини, айниқса, тайёр маҳсулотни кўпайтириш истиқболлари катта. Бостон халқаро консалтинг компанияси ҳисоботига кўра, Марказий Осиёнинг келгуси 10 йил мобайнида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш салоҳияти 170 миллиард долларга тенг, шу жумладан, 40-70 миллиард хом ашё сектори билан боғлиқ бўлмаган соҳаларга жалб қилиниши мумкин.
БМТ маълумотларига кўра эса самарали иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш Марказий Осиё давлатларининг ЯИМ ҳажмини (2020 йилда 291 млрд доллар) икки баробар ошириш имконини беради.
— Афғонистондаги сиёсий вазият кескинлашуви Марказий Осиё давлатлари учун қандай иқтисодий ва сиёсий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин?
— Марказий Осиё мамлакатларининг манфаатлари минтақада халқаро транспорт йўлаклари ва халқаро транспорт инфратузилмасини биргаликда яратишга мос келади, бу эса минтақа мамлакатларидан жаҳон бозорларига экспорт маҳсулотларини етказиб беришда транспорт харажатларини камайтиришга ёрдам беради. Афғонистондаги сиёсий вазиятнинг кескинлашуви ушбу мақсадларга эришишни кечиктириши мумкин.
Хусусан, Aфғонистон транспорт коридори деб аталмиш «Термиз - Мозори Шариф - Кобул - Пешовар» темир йўл линиясини қуриш амалга оширилиши ортга сурилиши мумкин.
Aфғонистон боғловчи бўғин бўлиш ўрнига, «тирбандлик»ка айланади, бу йирик иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларга тўсқинлик қилади. Қолаверса, Афғонистонда вазият издан чиқиши – экстремистик ва террористик гуруҳлар фаоллашуви, наркотик моддалар ноқонуний айланиши, гуманитар инқироз каби муаммолар кўчайишига олиб келади. Қўшни мамлакатда бундай таҳдидлар кучайиши, албатта, минтақа хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
— Марказий Осиё минтақаси учун энг катта таҳдид нима деб ҳисоблайсиз?
— Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш кўп жиҳатдан минтақанинг иқтисодий ривожланишига боғлиқ. Шу муносабат билан минтақа олдида турган асосий таҳдидлар сифатида Марказий Осиё давлат иқтисодиётининг хом ашё ресурсларига асослангани, самарали транспорт тизими ва денгизга чиқиш йўли мавжуд эмаслиги ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини айтиш мумкин.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Марказий Осиё давлатларида хом ашё экспортнинг салмоқли қисмини ташкил этади. Марказий Осиё давлатларининг транспорт харажатлари бошқа давлатларга нисбатан бирмунча юқори. Масалан, Марказий Осиё давлатларидан Шанхайга битта контейнер етказиш Туркия ва Польша давлатларига нисбатан 5 баробар қиммат. Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлатлар экспорт даромадларининг 18 фоизини транспорт харажатларига ишлатишади. Таққослаш учун, бу кўрсаткич ривожланган давлатларда 9 фоиз.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалалар бугун Марказий Осиё давлатларига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, бугун экологик соҳадаги сел кўчиши, чўллашиш, қурғоқчилик ва тошқинлар каби муаммолар кучайиши озиқ-овқат танқислиги ва гуманитар инқирозни келтириб чиқариши мумкин.
Маълумотларга кўра, сўнгги 30 йилда Марказий Осиёнинг экологик муаммолардан кўрган зарари 10 млрд долларни ташкил этади, азият чеккан аҳоли сони 10 млн кишига тенг. Табиий офатлардан кўрилаётган зарарлар бугун минтақа ялпи ички маҳсулотининг қарийб 2 фоизини ташкил қилмоқда.
Шу муносабат билан, ҳурматли президентимиз томонидан биринчи ва иккинчи маслаҳат учрашувларида илгари сурилган минтақавий иқтисодий форум ташкил этиш, саноат кооперациясини ва инвестиция соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт соҳасида минтақавий кенгаш тузиш, экологик муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқиш каби ташаббуслар айнан юқоридаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган.
— Тожикистон ва Кирғизистон ўртасида яқинда кузатилган зиддиятлар икки мамлакат муносабатларидаги совуқлашувнинг биринчиси эмас. Айтингчи, бу муаммоларнинг мутлақ ечими борми?
— Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, барчалари чегара муаммоларига дуч келишган, жумладан, Ўзбекистон ҳам. Чегара муаммолари икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатувчи асосий омиллар бўлгани сабабли минтақа давлатлари бор имкониятларини ушбу муаммони имкон қадар тез ечишга ҳаракат қилишмоқда.
Ўзбекистон минтақадаги муаммоларнинг барчасини ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда ва тинчлик асосида ечиш тарафдори. Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара муаммолари юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ҳам айнан шундай чақирувлар мавжуд.
Чегара муаммоларининг мутлақ ечимига келадиган бўлсак, албатта бунинг имкони бор. Буни Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан чегара масалалари бўйича олиб борилаётган музокаралари натижаларида ҳам кўриш мумкин.
Қирғизистон ва Тожикистон ҳам бугун чегара муаммосини ҳал қилиш учун бор имкониятларини сафарбар қиляпти. Хусусан, чегара масалари бўйича икки томонлама комиссия фаолияти 2019 йилда тикланди (2006 йил тузилган), чегара муаммосини ҳал этиш бўйича икки давлат президентларининг учрашувлари ташкил этилди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши қўшничилик, дўстлик тамойилларига асосланган ҳолда мавжуд муаммоларни барча томонларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал эта олишади.
— Silk Road виза режимини жорий этиш ҳақида гапирилганди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёни қандай кетмоқда?
— Туризм иқтисодиётнинг ривожланишида муҳим драйвер ҳисобланади. Хусусан, БМТ Халқаро туризм ташкилоти маълумотларига кўра, бугун бутун дунёда ҳар 10 ишчи ўриннинг биттаси туризм соҳасида ташкил этилади, хизмат кўрсатиш экспортининг 30 фоизи туризм соҳасига тўғри келади. Лекин бу соҳа Марказий Осиёда бошқа давлатлардагига нисбатан кам ривожланган.
Бостон халқаро консалтинг компанияси маълумотига кўра, туризм соҳасининг улуши минтақа давлатларида ЯИМнинг 1-3 фоизини ташкил этади. Ваҳоланки бу кўрсаткич ривожланган давлатларда 10 фоизга етади.
Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Мисол учун, Ўзбекистоннинг фаол минтақавий ташқи сиёсати эвазига Марказий Осиёда шаклланган ижобий муҳит натижасида сўнгги беш йилда туристлар сони кескин ошди. 2016-2020 йилларда Марказий Осиёга саёҳатчилар сони деярли икки баравар кўпайди - 9,5 миллиондан 18,4 миллион кишига.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Марказий Осиё давлатлари туризм соҳасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Хусусан президентимиз таклиф этган «Ипак йўли» виза режими трансмиллий сайёҳлик маҳсулоти йўлидаги тўсиқларни (қўшни давлатлар чегараларини кесиб ўтишда виза, божхона ва чегара тўсиқлари) енгишга имкон беради. Aмалда, виза олган чет эллик сайёҳ, масалан, Ўзбекистонда, Қозоғистонга янги виза олишига ҳожат қолмайди - у автоматик равишда битта сафар давомида бошқа мамлакатга ташриф буюриш учун ноёб имкониятга эга бўлади.
Ўз ўрнида, 2018 йил август ойида Озарбойжон, Тожикистон, Туркия ва Қирғизистон виза тўсиқларини ўзаро олиб ташлашга қизиқиш билдиргани маълум бўлди.
2018 йил ноябрида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «Ипак йўли» давлатлари томонидан виза режимларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ҳозирда тартибга солувчи ва техник характердаги масалаларни ҳал қилиш, шу жумладан ахборот тизимларини бирлаштириш, шунингдек, лойиҳани биргаликда молиялаштириш, ягона консуллик йиғимини аниқлаш ва лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун ҳукуматлараро битим тузиш якунланмоқда. Режага кўра, тасдиқлаш бўйича ишлар шу йил якунланади ва илк лойиҳа 2022 йилда ишга туширилади.
— Катта ўйинчиларнинг (АҚШ, Россия, Хитой, Евроиттифоқ) муносабатлари Марказий Осиё мамлакатларига қанчалик таъсир қилади?
— Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг ривожланиши бир вақтнинг ўзида ҳам ички, ҳам ташқи омилларга боғлиқ. Бунга асосий сабаб Марказий Осиёнинг геостратегик жойлашуви (Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк), табиий ресурсларга бойлиги (газ, уран, олтин), ривожланиб келаётган истеъмол бозори (аҳоли сони 74 млн), ҳамда хавфсизлик нуқтайи назаридан Афғонистон билан чегарадошлиги.
Шу муносабат билан Марказий Осиё доимий равишда етакчи давлатларнинг эътибор марказида бўлиб келган. Табиий равишда минтақада уларнинг манфаатлари тўқнаш келган ва кесишган нуқталар мавжуд.
Албатта, етакчи давлатларнинг Марказий Осиёда геосиёсий қарама-қаршиликлари кучайиши минтақанинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Шу туфайли Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганининг илк кунларидан бошлаб, Марказий Осиёни ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ривожланган минтақага айлантириш йўлида фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг бундай минтақавий сиёсати етакчи давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Хусусан, Россия, Хитой, AҚШ, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи каби стратегик ҳамкор давлатлар минтақавий жараёнларни инобатга олган ҳолда, ўз ташқи сиёсатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритмоқда.
Мисол тариқасида, ташқи ишлар вазирлари даражасидаги мунтазам учрашувлар, яъни «Россия - Марказий Осиё», «Хитой –Марказий Осиё», «Ҳиндистон – Марказий Осиё», шунингдек, AҚШнинг Марказий Осиё бўйича махсус стратегияси ва Европа Иттифоқининг Янги Марказий Осиё стратегияси қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир.
— Минтақа мамлакатлари ўртасида интеграция жараёни тўлиқ амалга ошмаган. Яқин келажакда бу борада қанақадир иқтисодий ва сиёсий тузилмалар пайдо бўлиши мумкинми?
— Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришганидан сўнг, минтақада бир қанча интеграцион лойиҳалар фаолият олиб борган. Мисол тариқасида Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти, Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти ва Марказий Осиё иттифоқи каби ташкилотларни айтиш мумкин. Аммо улар бирлаштирувчи омил бўлиш ўрнига Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорликдан узоқлашишига олиб келган.
Шу туфайли бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёда қандайдир ташкилот тузиш тарафдори эмас. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил Самарқандда ташкил этилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» номли халқаро конференцияда алоҳида тўхталиб ўтганди.
Хусусан, президент Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг ўзаро маслаҳатлашувлари бўйича учрашувларни мунтазам ташкил қилиш ташаббуси билан чиқиб, ушбу формат минтақада умумий муаммоларни ҳал этиш йўлларини биргаликда излаб топиш мақсадида фаолият олиб боришини, бу ўринда гап Марказий Осиёда янги халқаро ташкилот тузиш ёки ўз устави ва миллий давлат органларидан устун турадиган интеграциялашув соҳасида қандайдир тузилма ташкил этиш ҳақида кетмаётганини алоҳида таъкидлаган.
— Кўпчилик халқаро экспертлар прогнозларида Марказий Осиё келажакдаги чўллашиш эҳтимоли жуда юқори бўлган ҳудуд сифатида тавсифланади. Экологик инқирозга қарши умумий ҳамкорликда қанақа чоралар кўриш керак деб ўйлайсиз?
— Чўллашиш ва ерларнинг эрозия бўлиши бугун бутун инсоният учун энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. БМТ маълумотларига кўра, чўллашиш 200 млн киши ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Чўллашиш жараёнларининг асосий сабаби –иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан номутаносиб фойдаланиш ҳисобланади.
Чўллашиш Марказий Осиё учун ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. Сўнгги 10 йилда минтақада баҳор мавсумининг ҳарорати ўртача 0,6 даражага ошган. Натижада ҳар йили Марказий Осиё музликларининг 1,5-2 фоизи эримоқда. БМТ мутахассислари 2020 йил якунига кўра Марказий Осиёда ерларнинг 37 фоизи деградацияга учраганини маълум қилишган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бугун мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш давлат даражасига кўтарилган. Хусусан, 2020 йил сентябрда ўтказилган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида президентимиз Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюция қабул қилиш таклиф қилган. Орадан қисқа вақт ўтиб, 2021 йил 18 майда БМТнинг «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш» тўғрисида махсус резолюция қабул қилинди.
Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Дунёнинг турли минтақаларидаги 50дан ортиқ давлатлар мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Оролбўйи Бош Aссамблея томонидан «Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди. БМТ Бош Aссамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилади.
— Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий-сиёсий муносабатларида президент Шавкат Мирзиёевнинг ўрни ва роли ҳақида нималарни айта оласиз?
— Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти вазифасини бажаришга киришган илк кунлардан минтақавий ҳамкорликка алоҳида урғу берган. Хусусан, 2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўшма мажлисида Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганини алоҳида айтган.
Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсат натижасида бугун Марказий Осиё сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда фундаментал ўзгаришлар кузатилмоқда. Ҳеч шубҳасиз бу президентимизнинг Марказий Осиёда давлатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича мутлақо янги бўлган «муаммодан қочиш эмас унинг ечимини топиш», «ҳар қандай муаммо юзасидан мулоқот қилиш», «хавфсизликнинг бўлинмаслиги, уни самарали таъминлашнинг асоси ҳамкорлик эканлиги» каби ёндашувларининг натижаси ҳисобланади. Бу тўғрисида Марказий Осиё масалалари билан шуғулланадиган дунёнинг етакчи экспертлари ва давлат арбоблари жуда кўп ижобий фикр билдиришган.
Шу ўринда, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг президентимизнинг ушбу мамлакатга ташрифи чоғида айтган фикрларни ёдга олиш жоиз. У замонавий Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ҳар томонлама стратегик муносабатларига таъриф берар экан, Шавкат Мирзиёевни унинг «ташаббускори ва архитектори» деб атаган.
Ҳеч муболағасиз, Шавкат Мирзиёев нафақат ўзбек-тожик муносабатларининг, балки Марказий Осиё минтақаси давлатларининг замонавий муносабатларининг «ташаббускори ва архитектори» ҳисобланади.
Дилшод Абдуқодиров суҳбатлашди
Мавзуга оид
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
19:47 / 11.12.2024