Ўзбекистон | 16:31 / 06.08.2021
19207
4 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров — президентлик сайлови, «Миллий тикланиш»нинг уч номзоди ва ижтимоий тармоқдаги фикрлар ҳақида

Ўзбекистон президентлик сайловида «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан партия сиёсий кенгаши раиси, Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров номзод сифатида иштирок этади. 

Бу ҳақдаги қарор партиянинг 6 август кунги навбатдан ташқари пленумида қабул қилинди. Қодиров номзоди эндиликда партия қурултойида ҳам маъқулланиши керак.

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси тадбир якунида ташкил қилинган матбуот анжуманида ҳам қатнашди.

Қуйида Алишер Қодировнинг ОАВ вакилларининг саволларига берган жавоблари билан танишишингиз мумкин.

— Биздаги маълумотларга кўра, президентлик сайловида «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатиш учун 3 нафар сиёсатчи номи бўлган. Булар: Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев, партия раиси ўринбосари Фируза Муҳаммеджонова ва Алишер Қодиров. Хўш, пленум нима учун сизни танлади?

— Менда бундай маълумот йўқ.

— Лекин бизда бор.

— Барча фидойиларимиз узоқ муҳокамалардан кейин партия илгари сураётган ғоялар бўйича менга ишонч билдирди. Кейинги қиладиган ишларимиз эса Марказий сайлов комиссияси билан ишлаш бўлади. Биз шунингдек, номзодни партиянинг энг юқори органи Қурултойга беришимиз керак. Агар бизнинг номзодимиз қурултойда ҳам маъқулланса, биз жараёнларга киришамиз.

— Бугунги пленумда номзоди президентликка кўрсатилган Алишер Қодиров нимани орзу қиляпти?

— Сайловда ғолиб бўлишни.

— Қандай мақсадлар билан?

— Мақсадларимиз дастурларимизда белгиланган. Унда Ўзбекистоннинг ривожланиши, унинг бугунги муаммоларини бартараф этиш ва халқ яхши яшаши учун барча масалалар акс этган.

— Партиялар сайлов олдидан ўз номзодларини эълон қилар экан, воқелик одамлар орасида истеҳзоли фикрлар билан кутиб олиняпти? Бу сизнингча нимани билдиради?

— Ижтимоий тармоқлар халқ дегани эмас.

— Лекин ундан халқнинг фаол қатлами фойдаланади.

— Мен бундай деб ўйламайман. Чунки биз кўча, бозорларда юрибмиз. У ердаги аҳоли билан ижтимоий тармоқлардаги аҳолининг фикри бир-бирига бутунлай тескари. Шунингдек, бугун ижтимоий тармоқларда фикрларни манипуляция қилиш мумкин. Оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатиш мумкин.

Мен ижтимоий тармоқлардаги эмас, оддий халқ фикрига кўпроқ қулоқ солиш керак деб ўйлайман.

— Сайловда қанча овоз олишни кутяпсиз?

— Ўзбекистонда сайловлар тўла шаффоф ва адолатли ўтишига ишонаман. Бунда ягона мақсадимиз сайловчилар – халқ қарорига бўйсуниш.

— Сиз «Миллий тикланиш» партияси раҳбари сифатида ўзбек тили ва унинг нуфузи борасида кўп гапирасиз. Лекин эшитишимиз бўйича фарзандларингиз рус тилли мактабларда таҳсил олишади. Буни нима деб тушуниш мумкин?

— Менинг фарзандларим Ўзбекистоннинг мактабларида ўқийди. Ўзбекистонда рус мактаблари эмас, рус тили ўқитиладиган мактаблар бор. Бугунги кунда Ўзбекистондаги барча мактабларда рус тили ўқитилади ва менинг фарзандларим ўқиётган мактабларда ҳам бу тил ўқитилади.

— Сиз аввалги интервьюларингиздан бирида «Бу сайловларда амалдаги ҳокимиятни танқид қиладиган фикрларимиз албатта бўлади», дегандингиз. Хўш, бу танқидлар қайси йўналишларда бўлади?

— Бизнинг мақсад бу сайловларда кимларнидир танқид қилиш эмас, ўз таклифларимизни сайловчилар олдига қўйиш. Бу таклифлар кимлар учундир танқид бўлиши мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид