Ўзбекистон | 22:07 / 06.08.2021
130354
4 дақиқада ўқилади

“Фарзандлари ва набиралари қилган ишларнинг Каримовга алоқаси йўқ” — Лола Каримова қизининг очиқ сурати ҳақида

Лола Каримова-Тиллаева қизи Марямнинг иштонсиз ҳолдаги сурати тарқалганига муносабат билдирди. У биринчи президентнинг авлодлари қилаётган ишларни Ислом Каримов билан боғламасликни сўраган.

Лола Каримова-Тиллаева турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев билан Канн кинофестивалида. 2016 йил 16 май.
Фото: Andreas Rentz / Getty Images for The Harmonist

Биринчи президент Ислом Каримовнинг кенжа фарзанди, АҚШда яшаётгани айтиладиган Лола Каримова-Тиллаева қизи Марямнинг яримяланғоч ҳолдаги сурати атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирди. У ҳар ким ўзи учун жавоб беришини таъкидлаган.

“Мен сизлардан тинчланиб, ҳеч қачон учратмаган, билмаган, сизга бегона бўлган инсонларнинг ҳаётини юрагингизга бунчалик яқин олмаслигингизни сўрайман.

Тўғри, сизлар отам Биринчи Президент Ислом Каримовни хотирлаб, уни ҳурмат қиласизлар ва отам бундай хотира ва ҳурматга лойиқ инсонлар. Улар бутун умрларини халқларига бағишлаган эдилар. Биринчи Президентнинг фарзандлари, набиралари ва бошқа қариндошлари унинг халқ олдидаги хизматларига мутлақо алоқалари йўқдир, ва Биринчи Президентнинг ҳам уларнинг ҳаётига алоқаси йўқдир, улар ҳаётдан кўз юмганларига беш йил бўлди.

Ислом Каримов бу жуда катта ном, ва унинг авлодлари ўзининг яхши ва ёмон хислатларига эга бўлган шунчаки оддий инсонлар ва ҳар бири ўз ҳаёти билан яшайди. Уларнинг ҳаётлари фақат уларнинг ўзларигагина тегишлидир – улар яхши иш қиладиларми ёки ёмон иш қиладиларми, шарманда бўладиларми ёки ўзларини муносиб равишда тутадиларми – бу фақат уларнинг ишлари ва ҳуқуқларидир, ва бунинг учун фақат ўзларигина жавоб берадилар.

Мен бу ва у дунёда ҳар биримиз Аллоҳ олдида қилган амалларимиз учун жавоб беришимизга ишонаман. Шунинг учун, келинг, ҳар бир инсон қилган ишлари учун унга Яратганнинг Ўзи ҳукм чиқарсин, улар қандай ўзларини тутишларидан ва ким бўлишларидан қатъи назар”, – дея ёзади Лола Тиллаева.

У бевосита қизининг сурати масаласига тўхталаркан, Марям вояга етган мустақил инсон эканини айтиб, унинг ҳаётини муҳокама қилмасликни сўраган.

“Менинг қизим Марям 22 ёшда ва у бутун онгли ҳаётини чет элда ўтказган, ва ҳар бир инсон каби ҳаёт тўғрисида унинг ўз тушунчалари бор – нима мумкин-у, нима мумкин эмас, нима чиройли-ю нима жирканч. Ҳар бир инсон каби у ўз ҳаёти ва амаллари учун ўзи жавоб беради, ва у қилган ишлар фақат уни ўзининг ҳаётигагина таъсир кўрсатади.

Мен онаси сифатида уни маъқуллашим ёки маъқулламаслигим мумкин – бу менинг ишим, аммо у ўзини қандай тутиши учун бутун масъулият фақат уни ўзининг зиммасида ётади. Бунга Президент Каримовнинг алоқаси йўқдир. Каримов – ўзининг бутун борлиғини ўз ишига бағишлаган инсон эди. У фақат ўз халқи ҳақидаги фикрлар билан ҳаёт кечирган. У ўз халқининг манфаатларини ўзининг шахсий ёки оиласининг манфаатларидан устун қўйган инсон эди. Ва шу туфайли, бу инсон уни унинг ўзи қилган ишлари асосида хотирлаб, ҳукм чиқаришларига муносиб. Унинг фарзандлари ва набиралари қилган ишларни бунга алоқаси йўқдир.

Агар қизим шунчалик жиғингизга тегаётган бўлса, унда унга қараманг. Сиз ўзингиз ёқтирган амаллар, сизга қувонч олиб келадиган ишлар билан шуғулланинг. Ўзга инсоннинг ҳаётидан жаҳлингиз чиқиб, уни қоралаш ва ғийбатлашишдан кўра муҳимроқ нарса наҳотки бўлмаса?” – дея ёзди Лола Каримова- Тиллаева.

Мавзуга оид