Ўзбекистон | 09:32 / 07.08.2021
4805
3 дақиқада ўқилади

Деҳқонободдаги коврак экилган майдонлар қоракўлчилик кластерлари томонидан талон-торож қилинаётгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида коврак етиштириш билан шуғулланган тадбиркорларнинг видеомурожаати тарқалди. Унда маълум қилинишича, коврак экилган майдонлар қоракўлчилик кластерлари томонидан талон-торож қилинмоқда. Туман ҳокимлиги мазкур масала бўйича ўз муносабатини билдирди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод туманида ўндан зиёд тадбиркорнинг коврак экилган ер майдонлари қоракўлчилик кластери ходимлари томонидан ноқонуний равишда талон-торож қилинаётгани ҳақида видеомурожаат тарқалган. Мурожаатда тадбиркорлар миллиардлаб зиён кўраётганини айтиб, мутасаддилардан кўмак кутаётганини маълум қилган.

Мазкур ҳолат бўйича туман ҳокимлиги муносабат билдириб, иш вилоят ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб бўлингани, бироқ якуний тўхтамга келинмаганини маълум қилган.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганиш давомида ери тортиб олинганини айтаётган тадбиркорларга айни кунда кластер эгалигига ўтган пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига қарашли ерлардан ижара асосида фойдаланиш таклифини берган. Таклиф берилган пайтда таклифга рози бўлган айрим тадбиркорлар эндиликда мазкур таклиф уларга маъқул келмаётганини билдирган. Шундан сўнг видеотасвирлардаги ҳолат келиб чиққан.

Ҳокимлик мазкур воқеани ўрганган вилоят ишчи гуруҳи якуний хулоса бергач, масала ечим топишини қўшимча қилган.

Маълумот учун, 2021 йил 8 июлда президентнинг «Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинган. Мазкур қарорнинг 6-бандига асосан, эндиликда жисмоний ва юридик шахслар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигидаги яйловлар ҳудудида доривор ўсимликларни, шу жумладан, коврак ўсимлигини йиғиш, экиш ва етиштириш учун қўмита билан ижара шартномаси тузиб, унда белгиланган ҳудудларда режасини амалга ошириши белгилаб берилган.

Президентнинг 2020 йил 2 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонига кўра, Деҳқонобод туманидаги барча – 177 минг гектар ер майдони Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ҳисобига ўтган. Шу жумладан, туманда фаолият олиб борган ва ҳар йили ўртача 5-6 миллион долларлик экспорт кўрсаткичларига эга бўлган 21 нафар коврак етиштирувчи тадбиркорларнинг ерлари ҳам қўмита ҳисобига ўтиб кетган.

Мавзуга оид