Жаҳон | 21:00 / 09.08.2021
16817
2 дақиқада ўқилади

Афғон ҳарбий учувчилари “Толибон” жазосидан қўрқиб оммавий равишда ишдан бўшамоқда

Фото: Getty Images

Афғонистонлик ҳарбий учувчилар “Толибон” ҳаракати жангарилари томонидан жазоланиши мумкинлигидан қўрқиб, оммавий равишда ишдан бўшамоқда. Бу ҳақда The Times нашри хабар берди.

Нашр манбасининг таъкидлашича, айни вақтда Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг 19 ҳарбийси ўз лавозимидан бўшаган. Улар ўз ҳаётлари учун хавфсирамоқда. Бир неча кун аввал толиблар Ҳамидулла Азимий исмли вертолёт учувчисини ўлдиришганини эълон қилишган. Бу Кобулда юз берган: жангарилар учувчининг машинасига бомба ўрнатишган. Азимий АҚШ вертолётларида учишга ўргатилган ва охирги ҳафталар ичида ўлдирилган 8-учувчи бўлди.

“Мен ишга бориш учун ҳар кун машинамни ўзгартиришимга, бунинг учун дўстларимдан машиналарини олиб туришимга тўғри келмоқда. Бўш вақтимни уйдан ташқарида ўтказа олмайман. Ўзимни ҳимоя қилиш ва хавфни камайтириш учун дўконларга, ҳаттоки сартарошхонага ҳам бора олмаяпман”, деб айтган учувчилардан бири нашр билан суҳбатда. Расмий Кобул унинг ҳимоясини таъминлай олмаса, у ишдан бўшашини айтган.

Афғонистондаги вазият мамлакатдан АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб чиқилиши ортида “Толибон”нинг фаоллашуви сабабли кескинлашди. Охирги бир неча кун ичида толиблар яна учта вилоят марказини эгаллаб олишди. Айни вақтда афғон ҳукумати мамлакат устидан назоратни тобора йўқотиб бормоқда.

Мавзуга оид