Ўзбекистон | 14:26 / 09.08.2021
60170
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йилида мактабларда дарслар гибрид шаклда давом этиши кутиляпти

Янги 2021-2022 ўқув йилида мактабларда дарслар гибрид шаклда давом этишига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, янги 2021-2022 ўқув йили яқинлашгани сари ота-оналардан унинг қандай шаклда бўлиши борасида кўплаб саволлар келиб тушмоқда.

“Барчангизга маълумки, бугунги кунда бутун дунёдаги каби юртимизда ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари давом этмоқда. Энг ачинарлиси, ўтган йилдагига нисбатан мактаб ёшидаги болалар орасида ҳам касаллик тарқалиши ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда”, дейилади маълумотда.

Шу боис Халқ таълими вазирлиги янги 2021-2022 ўқув йилида мактабларда дарс жараёни гибрид шаклда давом эттирилишига тайёргарлик кўраётганини маълум қилган. Бунда мактабда юзага келадиган вазиятга қараб мактаб Санитария-эпидемиология назорати марказлари таклифига асосан маҳаллий кенгашлар қарорларига кўра айрим мактаблар карантинга ёпилиб, масофавий тизимга ўтказилиши мумкин. 

Бундай ҳолатларда ўқувчилар таълимни вақтинча масофавий шаклда уйдан давом эттиради. Ўқувчининг масофадан таълим олишига имконият яратиш мақсадида Миллий телерадиокомпаниянинг телеканаллари орқали “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида эфирга узатилаётган дарслар давом эттирилади. 

Халқ таълими вазирлиги анъанавий таълим тўлиқ тикланиши учун барча тизим ходимларини тезроқ вакцина олишларини сўраб қолган. Ҳеч қандай энг замонавий масофавий таълим тизими ҳам бевосита мактабдаги таълим ўрнини боса олмаслиги айтилади.

“Ҳурматли ота-оналар! Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, фарзандларингизни имкониятингиз доирасида мактабга тайёрлашингиз мумкинлигини ва бунда карантин талабларига риоя қилишингизни сўраб қоламиз. Шу ўринда, бугунги мураккаб вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли бу вакцинация, шу боис сизлардан ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини ҳимоя қилиш учун вакцинация жараёнларида фаол қатнашишингизни сўраб қоламиз”, дейилади вазирлик ахборотида.

Мавзуга оид