Сурхондарёда безорилик қилган бир гуруҳ шахсларга жиноий иш қўзғатилди
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида безорилик қилган бир гуруҳ шахсларга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 26 июль куни соат 17.00 ларда, Олтинсой туманининг Бўстон маҳалласида жойлашган ошхона олдида Марказ маҳалласида яшовчи С.Бунёд, Ипоқ маҳалласида яшовчи С.Нурбек ва Гулистон маҳалласида яшовчи Э.Усмон маст ҳолда безорилик қилган. Улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан шу туманда яшовчи М.Фахриддин, Р.Бахтиёр ва Қ.Ғайратни ҳеч бир сабабсиз қўллари билан дуч келган жойларига уриб, М.Фахриддинга ўртача оғирликда, Р.Бахтиёрга соғлиғининг бузилишига сабаб бўлган енгил ва Қ.Ғайратга енгил тан жароҳатлари етказган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан жорий йил 27 июль куни С.Бунёд, С.Нурбек ва Э.Усмонга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.