Жаҳон | 09:43 / 16.08.2021
34624
2 дақиқада ўқилади

67та давлат ва ЕИ Афғонистондаги вазият бўйича мурожаат билан чиқди

Фото: Reuters

67 та давлат ва Европа Иттифоқи Афғонистонда “Толибон” ҳокимиятни эгаллаб олгандан кейин қўшма баёнот берди. Улар толибларни Афғонистонни тарк этишни истовчилар учун мамлакатдан чиқиш йўлларини очиқ қолдиришга чақиришган ва афғон халқига ёрдам беришга тайёрликларини билдиришган.

Ушбу баёнотни имзолаган давлатлар орасида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили, АҚШ, Британия, Канада, Германия, Австралия, Польша, Украина, Жанубий Корея, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари бор. Бироқ ушбу давлатлар орасида Россия йўқ. 

“Афғонистондан кетишни истаган афғонлар ва хорижликлар учун буни қилишга рухсат берилиши керак: йўллар, аэропортлар ва чегаралар очиқ қолиши ва осойишталик сақланиши лозим. Афғон халқи хавфсиз ва муносиб ҳаёт кечиришга лойиқ. Биз уларга ёрдам беришга тайёрмиз”, деб айтилган мурожаатда. Ушбу мурожаат АҚШ давлат департаменти сайтида эълон қилинган.

Баёнот муаллифлари Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш устида иш олиб бораётганларини таъкидлаб ўтишган. Улар “барча томонларни Афғонистонни тарк этишни истаётганларни ҳурмат қилишга ва уларнинг хавфсиз, тартибли чиқишини таъминлашга” чақиришган.

Айни вақтда Афғонистондаги ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди. Мамлакат президенти Ашраф Ғани қон тўкилишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакатни тарк этишга қарор қилди. 

Мавзуга оид