Ўзбекистон | 18:32 / 16.08.2021
6926
3 дақиқада ўқилади

Сайлаш ҳуқуқига эга маҳбус ва маҳкумларнинг сайловда иштирок этиш тартиби қандай?

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова жазони ижро этиш муассасаларидаги сайлаш ҳуқуқига эга бўлган маҳбус ва маҳкумларнинг Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этиши тартиби тўғрисида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги белгиланган.

Сайлов куни 18 ёшга тўлган, қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар эса овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Омбудсман сайловга тайёргарлик жараёнларида айнан қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги махсус ажратилган биноларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар тайёрланганлиги, сайлов қутилари билан таъминланганлик ҳолатларини ўрганади. Асосий эътибор сайлов участкасининг белгиланган талабларга мувофиқ сайловчиларнинг ҳеч қандай тазйиқ ва таъсирларсиз яширин овоз бериш ҳуқуқлари таъминланиши учун мос тарзда жиҳозланганлигига қаратилади.

Белгиланган тартибга кўра, сайлаш ҳуқуқига эга маҳкумлар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайловчиларнинг рўйхатлари эса мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ва сайловчилар ягона электрон рўйхатига киритилади. Агарда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда маҳкумнинг сайлаш ҳуқуқи бўлатуриб унда иштирок этишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича мурожаатлар келиб тушса, улар дарҳол жойига чиқиб ўрганилади. 

Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхати, сайлаш жойи ва вақти тўғрисида маҳкум-сайловчиларни хабардор қилганида бирор бир хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига шикоят қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

Сайлов куни қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти маҳкумларнинг сайлов участкасига кириб чиқиши ва хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, ички тартиб-қоидаларига риоя этиши учун масъул ҳисобланади.

Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиялари мазкур муассасаларнинг маъмурияти билан биргаликда сайловчиларни сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш жараёнлари, сайлов ўтказиш вақти ва тартиби ҳамда номзодлар ҳақида хабардор қилиб боради.

Шунингдек, номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилиши лозим. Шундагина маҳкумлар номзодлар томонидан кўтарилаётган ташаббуслар асосида улардан бирини танлайди ва сайлаш ҳуқуқидан фойдаланади. Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан олиб бориладиган ўрганишларда айни шу жиҳатлар эътиборга олинади.

Мавзуга оид