Жаҳон | 19:07 / 16.08.2021
23407
2 дақиқада ўқилади

Толиблар барча давлат хизматчиларини ўз иш жойларига қайтишга чақирди

«Ҳеч бир афғонистонлик аввалги ҳукуматда ишлаганлар учун хавотирланмаслиги керак», деган толибларнинг Қатардаги сиёсий офиси раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий.

Фото: Wakil Koshsar/AFP

«Толибон» ҳаракати барча давлат хизматчилари – эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўз иш жойларига қайтишлари мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда толибларнинг Қатардаги сиёсий офиси раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафийга таяниб Ariana News телеканали хабар берди.

«Дипломатик миссиялар, ҳарбий база ва фуқаро идоралари ходимлари хавотирланмасдан ишларини давом эттиришлари мумкин. Ҳеч кимнинг ҳуқуқи поймол қилинмайди. Аёллар ҳижобда ишга чиқишлари мумкин», дея Ҳанафийнинг сўзларидан иқтибос келтиради телеканал.

«Толибон» коалицион ҳукумат тузиш учун замин тайёрлашга ҳаракат қилмоқда ва биз, барча афғонлар унда иштирок этамиз. Ҳеч бир афғонистонлик аввалги ҳукуматда ишлаганлар учун хавотирланмаслиги керак. Мамлакатимизга хизмат қиламиз. Фуқаролик ёки ҳарбий соҳа бўладими, ҳеч ким ўз ҳуқуқларидан маҳрум бўлмайди», деган Ҳанафий.

15 август куни толиблар пойтахт Кобулга кирди ва ҳокимиятни эгаллади. Мамлакат президенти Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этди.

Собиқ президент Ҳамид Карзой, миллий ярашув бўйича олий кенгаш раҳбари Абдулла Абдулла ва Афғонистон ислом партияси етакчиси Гулбиддин Ҳикматёр ҳукуматнинг «Толибон»га тинч йўл билан топширилиши бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузди.

Аввалроқ «Толибон» аёлларга нисбатан шартларини маълум қилганди.

Мавзуга оид