Жаҳон | 22:31 / 17.08.2021
51293
6 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги кампания Ғарбга қанчага тушди?

Хорижий мамлакатлар Афғонистондан ҳарбийларини олиб кетгач ва ҳокимият толиблар қўлига ўтгач, BBC АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари 20 йил давом этган ҳарбий кампанияга қанча сарфлаганини ҳисоблаб чиқди.

Фото: Getty Images

Толибларга қарши қандай кучлар курашган?
Америка ҳарбийлари 2001 йил октябрида толибларга қарши ҳарбий кампания бошлаганди. Бунга америкаликлар 11 сентябрь терактлари ортида турган «Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Лодин ва ташкилотнинг бошқа раҳбарлари Афғонистондан қўним топган, деб ҳисоблагани сабаб бўлганди.

Ушбу мамлакатга жойлаштирилган АҚШ ҳарбийлари сони йил сайин ўсган ва 2011 йилга келиб 110 минг кишини ташкил этган. Вашингтон доимий равишда «Толибон»га қарши курашиш ва Афғонистоннинг тикланишини молиялаштириш учун миллиардлаб долларлар ажратиб келган.

Ўтган йили Афғонистонда қолдирилган америкалик ҳарбий хизматчилар сони атиги 4 минг нафар атрофида эди.

Расмий маълумотларда ҳамиша ҳам махсус амалиётлар учун юборилган кучлар ва бошқа топшириқлар билан ушбу ҳудудда вақтинча бўлиб турган бўлинмалар акс этмаган.

НАТО альянсининг бошқа аъзолари ҳам ўз контингентларини халқаро коалиция доирасида ушбу мамлакатда сақлаб турган. Аммо коалиция таркибининг энг катта қисмини америкаликлар ташкил этган.

НАТО расман 2014 йил декабрида ўз жанговар миссиясини якунлагани ҳақида эълон қилган, аммо афғон хавфсизлик хизматини ўқитиш ҳамда аксилтеррор амалиётларни қўллаб-қувватлаш учун бу ерда 13 минг кишини сақлаб турган.

НАТО кучлари Афғон миллий армиясини ўқитишда ёрдам кўрсатган

Шунингдек, Афғонистонда кўплаб хусусий қўриқлаш компаниялари фаолият юритган. АҚШ Конгресси тадқиқотида 2020 йилнинг сўнгги чорагидаги бу компанияларда АҚШнинг 7800 нафарга яқин фуқароси ишлаётгани кўрсатилган.

Қанча маблағ сарфланган?
Афғонистондаги харажатларнинг ҳам кўп қисми АҚШ ҳиссасига тўғри келади.

Америка ҳукумати маълумотларига кўра, 2010 йилдан 2012 йилга қадар (бу муддатнинг маълум қисмида Афғонистонда 100 мингдан ошиқ аскар сақланган) уруш учун харажатлар миқдори йилига 100 миллиард долларгача етган.

Кейин Америка қуролли кучлари толиблар устига юриш қилишни тўхтатиб, урғуни афғон ҳарбийларини ўқитишга қаратган, шундан кейин харажатлар кескин қисқарган.

Пентагоннинг юқори мартабали амалдори АҚШ Конгрессида берган ҳисоботга кўра, 2018 йилга келиб йиллик харажатлар миқдори 45 миллиард доллар атрофида бўлган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Афғонистондаги жами ҳарбий харажатлар миқдори (2001 йил октябридан 2019 йил сентябрига қадар) 778 миллиард долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда бошқа ҳукумат агентликлари билан тикланиш лойиҳалари учун 44 миллиард доллар сарфлаган.

Шу тариқа, расмий маълумотларга кўра 2001-2019 йилларда умумий қиймат 822 млрд долларга етган. Аммо бу миқдорга Покистондаги харажатлар кирмайди - АҚШ бу мамлакат ҳудудида Афғонистон билан боғлиқ амалиётлар учун база қурган.

Браун университетининг 2019 йилги тадқиқотида АҚШ Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий харажатлар учун 978 миллиард долларга яқин маблағ ажратгани маълум қилинган (бу баҳо 2020 молиявий йили учун ажратилган пулларни ҳам ўз ичига олган).

Афғонистонда АҚШдан кейинги энг йирик ҳарбий контингентларга эга бўлган Буюк Британия ва Германия уруш даврида мос равишда 30 ва 19 миллиард доллардан харажат қилган.

Барча ҳарбийлар олиб чиқилиши режалаштирилганига қарамасдан, АҚШ ва НАТО 2024 йилга қадар Афғонистон хавфсизлик кучларини молиялаштириш учун йилига 4 миллиард доллар ажратишни режалаштирганди.

Бу йили НАТО Афғонистонга 72 миллион долларлик маҳсулотлар ва жиҳозлар жўнатган.

Пуллар қаерга кетган?
Афғонистонда сарфланган пулларнинг асосий қисми айирмачиларга қарши кураш амалиётлари ва аскарлар эҳтиёжлари (озиқ-овқат, уст-бош, тиббий хизмат, тўловлар ва имтиёзлар) учун йўналтирилган.

АҚШ Афғонистоннинг тикланишига ҳам ёрдам кўрсатиб келди

Расмий маълумотларга кўра, 2002 йилдан буён АҚШ Афғонистонни тиклаш учун 143,27 миллиард доллар харажат қилган.

Бу маблағнинг ярмидан кўп қисми (88,32 миллиард доллар) афғон хавфсизлик кучларини, шу жумладан Афғонистон миллий армияси ва полицияни мустаҳкамлашга ишлатилган.

36 миллиард долларга яқин маблағ бошқарув ва тараққиёт учун сарфланган, шундан камроқ сумма гиёҳвандликка қарши кураш ва инсонпарварлик ёрдамларига йўналтирилган.

Шу билан биргаликда, бу пулларнинг бир қисми йиллар давомида фирибгарлик ҳамда мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатлари туфайли талон-торож бўлган. 

АҚШ Конгрессининг 2020 йил октябрдаги ҳисоботида Афғонистонни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни назорат қилувчи кузатув органи 2009 йил майидан 2019 йил 31 декабрига қадар шу каби ҳолатлар туфайли 19 миллиард долларга яқин маблағ йўқотилганини ҳисоблаб чиққан.

Афғон хавфсизлик кучлари катта қурбонлар берган

Қанча одам ҳалок бўлган?
«Толибон»га қарши уруш бошланган 2001 йилдан буён коалиция аъзоларининг 3500 нафардан ошиқ аскари ҳалок бўлган, шундан 2300 нафардан ортиғи америкаликлар.

450 нафардан ортиқ британиялик ҳарбий хизматчи ҳарбий ҳаракатлар қурбонига айланган.

Шунингдек, АҚШ қўшинларининг 20 минг 660 аскари турли даражада тан жароҳатлари олган.

Шу билан бирга, бу рақамлар афғон хавфсизлик кучлари ҳамда тинч аҳоли берган қурбонлар билан солиштирганда юқори кўринмайди.

2019 йилда президент Ғани у мамлакатни бошқарган беш йил ичида афғон хавфсизлик кучларининг 45 минг ходими ҳалок бўлганини айтганди.

Браун университети баҳоларига кўра, 2001 йил октябридан буён Афғонистон миллий қуролли кучлари ва полиция вакилларидан 64 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

БМТнинг Афғонистон бўйича миссияси маълумотларига кўра эса тинч аҳоли вакилларининг йўқотишлари ҳисобланиши бошланган 2009 йилдан кейин 111 минг киши ўлдирилган ёки яралангани қайд этилган.

Мавзуга оид