Жаҳон | 15:57 / 17.08.2021
37006
8 дақиқада ўқилади

«Америка катта хатога йўл қўйди»: Кобул қулагач, Байденга билдирилган эътирозлар

«Толибон» яшин тезлигида Афғонистонни эгаллаши келиб чиқишига кўра афғон бўлган америкаликлар, собиқ генераллар ва баъзи сиёсатчилар Америка қўшинларини қисқа вақт ичида олиб чиқиш қарори сабаб президент Жо Байденни айблашига сабаб бўлмоқда. Бироқ ҳозирча Байденни жамоатчилик қўллаб-қувватлаётганга ўхшайди.

Ҳадия Эссазода «Толибон» уйига бостириб киргани, отасини калтаклагани ва акасини ўлдирганини даҳшат билан эслар экан, кўз ёшларини тия олмайди.

Ҳадия Эссазода энди АҚШда яшамоқда ва толибларнинг ҳокимиятга келиши туфайли нафақат Афғонистон учун, балки Америка учун ҳам ташвишда эканини айтмоқда

«Улар акамни қидиришаётганди, отамни темир билан уришди», дейди Эссазода BBC форс хизматига. Унинг акаси 1990-йилларда «Толибон»га қарши жанг қилган.

Улар мамлакат шимолидаги Мозори Шариф шаҳрини тарк этишади. «Лекин биз 6 ойдан кейин уйимизга қайтганимизда толиблар яна эшигимизни тақиллатди. Бу сафар улар акамни олиб кетишди. Бир неча кундан кейин маҳалладаги дўкондор келиб, отамга ўғли вафот этганини айтди», дейди у.

Толиблар Ҳадия Эссазоданинг акасини ўлдириб, жасадини кўчаларда хорлашган. Марҳумнинг қариндошларига жаноза учун жасадни олишга бир неча ҳафта давомида рухсат берилмайди, итлар эса жасадни парча-парча қилиб ташлайди.

Ёши йигирмадан ошган ва ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Эссазода толибларнинг ғалабасидан кейин энди Афғонистон учун ҳам, янги уйи – Америка учун ҳам хавотирда эканини билдирди.

«Толибон» ҳеч қанақасига ўзгармаган», дейди у. Эссазоданинг фикрича, «Толибон» жангарилари Ғарбни нишонга олади.

«Мана шундай вазиятда кимдир Афғонистонга боришни хоҳлармиди?» деб сўрайди у.

Байденнинг Афғонистондан чиқиб кетиш ваъдаси

Байден танқидчиларининг айтишича, АҚШнинг 20 йиллик ҳаракатлари ҳавога совурилди, сўнгги урушлар эса гуманитар инқирозга олиб келди ва АҚШнинг обрўйига путур етказди.

Байден Кобул ҳукуматининг мамлакат хавфсизлигини таъминлай олишига ишонгани учун ҳам танқид қилинмоқда.

Якшанба куни пойтахт «Толибон»  қўлига ўтгач, баъзилар «Америкалик сайловчилар тез орада Байденнинг Афғонистондан чекиниш қароридан афсусланишадими?» деган саволни беришмоқда.

Аслида, Байденнинг қарори ажабланарли эмасди. У Барак Обама маъмуриятида вице-президент бўлган давридаёқ Афғонистон урушини миссия нуқтайи назаридан чеклаш ва қўшинларни олиб чиқиш тарафдори эди.

2019 йилда президентлик сайловларида номзод бўлганида Байден сайловчиларга 1950-йиллардаги президент Дуайт Дэвид Эйзенхауэрдан кейинги илк ўғлини урушга юборган президент бўлишини айтганди.

Обама даврида Афғонистон бўйича биринчи махсус вакил бўлган Ричард Ҳолбрук ўз хотираларида Байден жаҳл билан Обамага қаршилик қилганини қайд этади: «Мен ўғлим аёлларнинг ҳуқуқлари учун ўз ҳаётини хавф остига қўйишини хоҳламайман... Улар бу мақсад учун у ерда эмаслар», деб айтган Байден.

Обама маъмуриятининг дипломати Бретт Брюен ҳам Байденнинг ташқи сиёсати унинг шаклланишида муҳим рол ўйнаганини айтади: «У (Байден – таҳр.) нафақат Вьетнам ва Ироқ урушларини, балки Косово ва Гранада урушларини ҳам кўрган. Бу тажриба унга қийинчиликларга хотиржамлик ва бироз совуққонлик билан қараш имконини беради», дейди у.

«Президентликка номзод сифатида 2020 йилда CBS телеканалига берган интервьюсида Байден «фақат «Толибон», ИШИД ёки «Ал-Қоида» уя қурмаслиги учунгина» АҚШ қўшинлари Афғонистонда бўлиши кераклигини айтади.

Бундай бўлмади. «Толибон»  жангарилари якшанба куни – АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўз фуқаролари ва ходимларини мамлакатдан олиб чиқиш ҳаракатига тушган пайт пойтахт Кобулга қаршиликсиз кириб келди.

Бир неча соат ичида Кобулдаги Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропортда тижорий рейслар тўхтатилди ва коалиция кучлари жойлашган Багром ҳаво базасидаги Афғонистон хавфсизлик кучлари «Толибон»га таслим бўлди.

Байден шанба куни ходимларни эвакуация қилишга ёрдам бериш учун Афғонистонга минглаб қўшимча аскар юборишга мажбур бўлди.

Америка разведкасининг яқинда сиздирилган ҳисоботида Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган Афғонистон ҳукумати Америка қўшинлари чиқарилгандан кейин 90 кун ичида қулаши тахмин қилинган эди.

Байдендан олдинги президент Дональд Трамп уни «заифлик, иктидорсизлик ва умуман стратегик номувофиқлик»да айблади. Ўз навбатида унинг маъмурияти 2020 йилда «Толибон» билан тузган келишув ушбу муаммони келтириб чиқарганига эътибор қаратаётганлар ҳам бор.

«Мен пушаймон бўлишимиздан қўрқардим ва шундай бўлди»

Байденнинг чекиниш режасига билдирилаётган эътирозларнинг баъзилари кўп йиллар олдин қилинган огоҳлантиришларни ёдга солмоқда.

2009 йилда Кобулдаги АҚШ қўшинлари қўмондони Стэнли Маккристалдан «Афғонистондаги қўшинлар сонини камайтириш режаси муваффақиятли бўладими?» деб сўрашганида у «Қисқа жавоб – йўқ», деб жавоб берганди.

Сўнгги бир неча ҳафта мобайнида «Толибон»  ҳаракатининг тез суръатлар билан илгарилаши унинг прогнозини оқлади.

«Вазият нақ фалокатнинг ўзи. Мен бу қарордан пушаймон бўлишимиздан қўрқардим ва шундай бўлди ҳам. Токи АҚШ ва унинг иттифоқчилари жиддий хатога йўл қўйганларини тан олишмас экан, яхши натижа бўлмайди», дейди Маккристалнинг вориси генерал Дэвид Петреус.

«Байден доим «Бизнинг урушимиз «Толибон» билан эмас, балки «Ал-Қоида» билан», дерди. Мен буни ҳар доим соддаларча фикрлаш деб ҳисоблаганман», дейди 2009 йилда Покистоннинг Вашингтондаги элчиси бўлган Ҳусайн Ҳаққоний.

Асли афғон бўлган америкалик Шер Ҳусайн Жагҳори 2003 йилда америкалик аскарлар учун таржимонлик қилаётганда қўлидан айрилади.

У айни пайтда АҚШ фуқароси ва Америка қўшинларининг олиб чиқиб кетилганидан ғазабда.

«Байден Афғонистон халқини «Толибон»нинг қўлига топширди. Мен АҚШ маъмуриятига энди ишонмайман. Хотиним ва ўғлим Байденга овоз беришди. Мен «Бундай қилманглар!», дегандим. Энди эса улар менга ҳақ эканимни айтишмоқда. Улар бошқа овоз беришмайди», дейди Жагҳори BBC форс хизматига.

Сўровлар шуни кўрсатадики, 20 йиллик урушда тўкилган қонлар ва сарфланган харажатлар ва кампанияни якунлаш бўйича йиллар давомида берилган ваъдалар америкаликларни чарчатган ва аскарларни олиб чиқиш режаси қўллаб-қувватланган.

Барак Обама президентлик даврида америкалик ҳарбийларни ортга қайтаришга ваъда берганди. Трамп ҳам президентлик кампанияси пайтида «адоғи йўқ уруш» ҳақида гапирган ва АҚШ қўшинларини олиб чиқиш санаси сифатида 2021 йил 1 май санасини айтганди.

Ўтган ой Чикаго шаҳрида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, америкаликларнинг 70 фоизи Байденнинг чекиниш режасини қўллаб-қувватлаган.

Аммо ўшанда толиблар ҳали бу қадар тез илгариламаётганди.

Соҳадаги вазият ўзгараётган, америкалик фахрийлар ўзлари билан ишлаган афғонларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни ўқиётган, коалиция кучлари қўлидаги ҳудудлар «Толибон»  назорати остига ўтган, ёрдам ташкилотлари эса гуманитар инқироз ҳақида огоҳлантираётган бир пайтда баъзилар бугунги вазиятни АҚШнинг 1975 йилда Вьетнамнинг Сайгон шаҳридан шармандаларча чиқиб кетишига қиёслашмоқда.

Америка вертолётлари Сайгондаги элчихона томида. 1975 йил апрель
Dirck Halstead / Liaison / Getty Images
Кобулдаги элчихона устидаги Америка вертолёти. 2021 йил 15 август
Rahmat Gul / AP Photo / Scanpix / LETA

Брюен бу ҳолатни қуйидагича баҳолайди: «Назарий жиҳатдан, америкаликлар чиқишни хоҳлашди. Аммо амалда толибларнинг кўчаларда машиналарда бораётгани тасвирига дуч келган америкалик аскарларнинг сайгонча қочиши ҳазм қилиниши қийин бўлган манзарани ҳосил қилди».

Мавзуга оид