Жаҳон | 19:28 / 17.08.2021
11841
5 дақиқада ўқилади

Эрдўған: «Афғон муҳожирлари тўлқинига дуч келяпмиз»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдаги кемасозлик қўмондонлигида ўтказилган Покистон MILGEM Corvette лойиҳаси маросимида иштирок этди. Покистон президенти Ориф Алви ҳам қатнашган мазкур тадбирда Туркия президенти Афғонистон-Покистон муносабатлари ва Афғонистондаги вазият ҳақида баёнот берди.

«Биз Эрон орқали келаётган афғон муҳожирларининг тобора кучайиб бораётган тўлқинига дуч келмоқдамиз. Бунинг олдини олиш учун Покистон билан ҳамкорликни давом эттиришимиз ва кучайтиришимиз керак. Сўнгги пайтларда зиддиятлар кучайган Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун Покистоннинг зиммасига муҳим вазифалар тушмоқда. Биз минтақада ва Афғонистонда вазиятни имкон қадар тезроқ барқарорлаштириш учун барча саъй -ҳаракатларимизни давом эттирамиз», дейди Эрдўған.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, Туркия-Покистон ҳамкорлигини кучайтириш миграциянинг янги тўлқини ва зиддиятларнинг кучайишига қарши курашишнинг ягона йўлидир. 

«Толибон» Кобулда назорат олиб бораётган айни пайтда ижтимоий тармоқларда афғонистонлик қочқинларнинг Туркияга келаётганига оид видеолар тарқалмоқда.

Эрдўған 11 август куни Kanal D ва CNN TÜRK қўшма дастурида берган баёнотида Туркия чегарасида «тартибсиз миграция» оқими мавжудлигини инкор қилганди:

«Кимдир ижтимоий тармоқларда бўрттириб кўрсатганидек, чегараларимизда тартибсиз миграция оқими йўқ. Ҳамма билиши керакки, Туркия ўтиш жойи – карвонсарой эмас. Биз бу деворларни бекорга қуряпмизми?» дейди Эрдўған.

Унинг таъкидлашича, афғонистонлик ноқонуний муҳожирларнинг катта қисми Туркиянинг ваколатли идоралари томонидан Афғонистонга қайтарилмоқда ва 2021 йил бошидан айни пайтга қадар 253-300 мингга яқин тартибсиз миграциянинг олди олинган.

Июль ойида ҳам Шимолий Кипр Турк Республикасидан қайтишида Туркия президенти баъзи оммавий ахборот воситалари ходимларининг миграция оқими борасидаги саволларига жавоб берганди.

Ушбу мулоқот давомида Эрдўғанга «афғонистонликларнинг Покистон ва Эрон чегарасидан бошқа давлатларга ўтиш учун узун навбатлар ҳосил қилгани ва одам контрабандаси орқали бу мамлакатдан оммавий миграция оқими мавжудлиги» эслатилади.

«Ҳозирги вақтда, айниқса, хавфсизлик масаласида қандай эҳтиёт чоралари кўрилиши керак бўлса, уларнинг барчасини кўряпмиз. Албатта, бу борадаги бор имконни ишга соляпмиз. Ҳозирда Покистон билан музокаралар олиб боряпмиз. Қолаверса, масаланинг «Толибон» билан боғлиқ жиҳати ҳам бор. Биз улар билан ҳам музокараларни давом эттиряпмиз.

Ташқи ишлар вазирлигимиз қочқинлар масаласини, айниқса, Афғонистоннинг юқори раҳбарияти билан муҳокама қилмоқда. Биз улар қилишлари лозим бўлган ишларни бажаришлари ва бунда иштирок этишларини хоҳлаймиз. «Бу масалада сизлар ҳам томошабин бўлиб турманг, илтимос, халқингизга эга чиқинг», деяпмиз ва бу ишларни давом эттиряпмиз. Биз шиддатли бир кампания ичидамиз. Албатта, қай даражада натижага эриша оламиз – бу бошқа масала. Чунки муаммонинг ҳажми ҳақиқатан ҳам катта», дейди Эрдўған Туркия ўз чегарасида қандай чоралар кўраётганига оид саволга жавоб берар экан.

Туркия президенти 11 август куни ташкиллаштирилган Kanal D ва CNN TÜRK қўшма дастурида «Толибон» раҳбари билан учрашиши мумкинлигини ҳам билдирди: «Толибон» билан учрашгунимизга қадар тегишли идораларимиз иш олиб боради. Эҳтимол, мен ҳатто уларнинг лидери бўладиган одамни қабул қилишим ҳам мумкин. Агар биз уларни юқори даражада назорат қила олмасак, бу сафар Афғонистонда тинчликка эришишимиз мумкин бўлмайди».

Эрдўған уруш ва ҳарбий кураш ҳар доим ҳам тўғри ечим бўла олмаслиги, мана шундай пайтларда дипломатия ва сиёсат устувор аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳам Афғонистондаги барча томонлар, жумладан, «Толибон» билан ҳам музокара ўтказилганини айтди.

«Биз шу пайтгача «Толибон» берган хабарларни ижобий қаршиладик. Афғонистоннинг иқтисодий ривожланиши, барқарорлиги, тинчлиги ва осойишталигини қўллаб-қувватлашда давом этамиз», деди Човушўғли Иордания пойтахти Оманда берган баёнотида.

Мавзуга оид