Ўзбекистон | 08:49 / 17.08.2021
10232
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу объектив заруратдир»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга интервью берди. 

Фото: Президент матбуот хизмати (архив)

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирги вақтда мамлакатда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. 

“Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланиб бормоқда. Айнан мана шу жараён мен учун ислоҳотларимизнинг энг катта натижасидир. Чунки, мақсаднинг аниқлиги – ҳаракатлар самарасини таъминлайдиган энг муҳим мезондир.

Агар биз бундан беш йил олдин қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик.

Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”, деди президент.

Мавзуга оид