Толибларга аввалги ҳукуматдан қандай иқтисодиёт мерос бўлиб қолди?
Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган «Толибон» ҳажми 20 млрд доллардан камроқни ташкил этувчи иқтисодиётга эга бўлди.
РБК нашри Афғонистон иқтисодиётига оид маълумотларни тақдим этди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2003-2012 йилларда Афғонистон иқтисодиётининг ўсиши ўртача 9,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2015-2020 йилларда ўртача йиллик ўсиш 2,5 фоизга тушиб кетди. Ўтган йили Афғонистон ЯИМ 5 фоизга тушди, деб баҳолади Осиё тараққиёт банки.
Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда аҳолиси 40 млн нафарга яқин бўлган Афғонистон иқтисодиёти 19,8 млрд долларни ташкил этган. Бу 3,3 млн киши яшайдиган Босния ва Ҳерцеговинаники билан тенг ва 30 млн кишилик Яман (23,5 млрд доллар) ёки 500 мингга яқин киши яшайдиган Исландияникидан (21,7 млрд доллар) кам.
Афғонистон аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича энг қашшоқ давлатлардан бири – 509 доллар. Расмий маълумотларда айтилишича, Афғонистон ЯИМнинг 27 фоизини қишлоқ хўжалиги, 12,5 фоизини саноат ва 56 фоизини хизмат кўрсатиш соҳаси таъминлайди.
Халқаро ёрдам
Август бошларида Халқаро валюта жамғармаси барча мамлакатлар учун 650 млрд доллар маблағ ажратилишини маъқуллади. Афғонистонга бу маблағдан 455 млн доллар тегади. 13 август куни ХВЖ вакили ташкилот Афғонистондаги воқеаларни диққат билан кузатиб боришини айтди.
Пандемия таъсири
Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, Афғонистонда 146 минг кишида коронавирус аниқланган, 6,6 мингга яқин бемор вафот этган. Аммо БМТнинг маълумот беришича, пандемия даврида атиги 700 минг кишидан коронавирусга тест олинган – бу аҳоли сонига нисбатан жуда оз фоизни ташкил этади.
Ташқи қарз
Афғонистон марказий банки маълумотига кўра, 2020 йил ўрталарида мамлакатнинг ташқи қарзи 2,14 млрд доллар атрофида бўлган.
ХВЖ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки каби институтлардан қарзи қарийб 1,2 млрд долларни ташкил этган.
Халқаро резервлар
2021 йил апрел ойи охирига Афғонистоннинг халқаро резервлари 9,4 млрд долларни ташкил этди, дейилади ХВЖ ҳисоботида. Унинг 1,3 млрд долларга яқини олтинда сақланади.
Эндиликда бу резервлар «Толибон» ихтиёрига ўтиши кутилмоқда. Аммо толиблар хорижда сақланаётган резервларни олиш имкониятига эга эмас, чунки уларга нисбатан халқаро санкциялар жорий этилган.
Экспорт ва импорт
2019 йилда мамлакат товар экспортининг умумий ҳажми 870 млн долларни ташкил этган, деб кўрсатилган Жаҳон банки маълумотларида.
Шу билан бир вақтда, импорт анчагина юқори 8,6 млрд долларга яқин. Энг йирик импорт ҳажми торф, нефт маҳсулотлари, ўсимлик мойларига тўғри келади. Асосий савдо ҳамкорлари — Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия.
Барқарор ривожланиш мақсадлари
Афғонистонда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳисоботга кўра:
2020 йилда қашшоқлик даражаси 2017 йилдаги 54,5 фоиздан 47,1 фоизга тушган;
2020 йилда аҳолининг базавий тиббий хизматлар билан қамраб олиниши 2013 йилдаги 60 фоиздан 85 фоизга етган.
Толибларнинг ноқонуний иқтисодиёти
Вашингтон халқаро муносабатлар марказининг турли ҳисоб-китобларига кўра, «Толибон» ҳаракати жиноий соҳалар (кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар савдоси, назорати остидаги ҳудудлардаги тижорий фаолиятдан йиғимлар ва бошқалар) орқали йилига 300 млн доллардан 1,6 млрд долларгача даромад топади.
БМТнинг маълумот беришича, «Толибон» охирги йилларда фойдали қазилмалар қазиб олишдан 460 млн долларга яқин даромад олган.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
18:05 / 06.11.2024