Жаҳон | 09:23 / 18.08.2021
18501
2 дақиқада ўқилади

Байден ва Жонсон Афғонистон бўйича G7 саммитини ўтказишга келишиб олди

Фото: AP

АҚШ президенти Жо Байден ва Британия бош вазири Борис Жонсон Афғонистондаги вазият бўйича кейинги ҳафта “Катта еттилик” давлатларининг саммитини ўтказишга келишиб олди.

Афғонистон бўйича умумий стратегия ва ёндашувни муҳокама қилиш мақсадида ўтказиладиган саммит онлайн шаклда бўлиб ўтади.

Икки етакчи телефон суҳбати давомида Афғонистондан ўз ҳамюртларини эвакуация қилишда иштирок этаётган ўз давлатлари ҳарбийлари ва фуқароларининг жасоратини таъкидлаб ўтган. Бундан ташқари, улар Афғонистон бўйича ҳамкорликни давом эттириш ва афғон халқи ҳамда қочқинларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш зарурлигини таъкидлаб ўтишган.

Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан Вашингтон “Толибон” Афғонистон бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши учун унга қарши санкциялар киритиши мумкинлигини айтган. “Толибон” Кобулни эгаллаб олгандан кейин берган илк матбуот анжуманида мамлакат иқтисодиётини кўтаришга, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилишини тўхтатишга, аёллар ҳуқуқларини шариат қонунларига мувофиқ таъминлашга ваъда берган. 

16 августда толиблар вакили Муҳаммад Наим Афғонистондаги уруш якунлангани ва мамлакат тўлиқ эгаллаб олинганини эълон қилди. Ўша куни Байден Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш қарори тўғри бўлганини, бироқ у ердаги вазият кутилгандан тезроқ кескинлашиб кетганини айтган. Унинг айтишича, мамлакат раҳбарияти таслим бўлган, ҳарбийлар эса толибларга қарши курашдан бош тортган.

Кейинроқ АҚШ президенти афғон қочқинларига 500 млн доллар ажратилишини эълон қилган.

Мавзуга оид