Ўзбек шифокорлари илк бор жигар трансплантацияси амалиётини мустақил амалга оширишди
Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари ортотопик жигар трансплантацияси операциясини муваффақиятли амалга оширишди.
ССВнинг маълум қилишича, бунга қадар ўзбек-рус ва ўзбек-ҳинд қўшма жарроҳлари 8та ортотопик жигар трансплантациясини ўтказган бўлиб, бу галги операция мамлакат тиббиёти тарихига ўзбек мутахассислари томонидан мустақил амалга оширилган илк жигар трансплантацияси сифатида кирди.
10 соатдан ортиқ вақт давом этган операцияда Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан келган жигар циррози билан хасталанган бемор — 38 ёшли Азима Розиқовага 42 ёшли акаси Бекмурод Розиқовнинг жигаридан бир бўлак кўчириб ўтказилган. Ҳозирда беморларнинг аҳволи яхши, донор палатага олинган.
«Синглим кўп йиллардан бери шу дард билан оғриб, вақти-вақти билан муолажа қилиб юрарди. Дастлаб туманимизда, сўнг Бухоро шаҳрида кўп марта даволанди, лекин фойдаси бўлмади. Шундан сўнг имтиёзли ордер олиб, ушбу шифохонага келдик. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Айниқса, синглимнинг аҳволи яхши эканидан, оғир дарддан халос бўлганидан жуда ҳам хурсандман.
Шифокорлар менга икки кундан сўнг жавоб беришаркан. Уларнинг айтишича, жигарим 2 ҳафтада ўзини тиклаб олар экан. Операцияда иштирок этган барча шифокор ва ҳамшираларга ўз миннатдорлигимни билдираман», дейди донор Бекмурод Розиқов.
«Бу касаллик менда 6 йил аввал бошланган эди. Айниқса шу йил аҳволим жуда оғирлашди, танам шишиб кетди. Тошкентга келиб, тиббий текширувлардан ўтганимдан сўнг шифокорлар бу касалликни даволашнинг бирдан бир йўли трансплантация эканини айтишди.
Операциядан чиққанимга 4 кун бўлди. Ҳозир анча яхшиман. Кеча бир-икки қадам юрдим, бугун ҳам каравотим атрофини айланмоқчиман», дейди Азима Розиқова.
Операцияга бошчилик қилган жарроҳ, профессор Миршавкат Акбаровнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда бугунги кунда жигар циррози билан оғрийдиган беморлар сони ҳар минг кишига 5-6 нафарни ташкил этади.
«Жигар циррозининг асосий давоси бу — жигар трансплантациясидир. Шу жумладан, энг кўп трансплантациялардан бири яқин қариндошлар орасида амалга оширилади.
Ўзбекистонда жигар трансплантацияси дастурини ривожлантиришнинг янги босқичи Aкадемик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Россиянинг академик В.И. Шумаков номидаги трансплантология ва сунъий органлар миллий тиббиёт илмий маркази ўртасида меморандум имзоланиши билан бошланди. Ҳамкорлик доирасида мутахассисларимиз бир неча бор Россия трансплантация марказида малака ошириш курсларида қатнашди.
Кейин бу каби операцияларни юртимизда мустақил йўлга қўйишимиз керак, деган қарорга келдик. Боиси, чет элдан мутахассисларни чақириш билан бу касалликни енгиб бўлмайди. Бугунги кунда камида йилига 40-50 нафар юртдошларимиз жигар трансплантацияси учун хориж давлатларига боришмоқда. Лекин ҳамманинг ҳам бунга имкони йўқ. Шунинг учун илк марта мустақил жигар трансплантациясини амалга оширдик. Аминмиз, икки беморимиз ҳам тўлиқ соғайиб кетади. Яқин кунларда яна битта жигар трансплантацияси амалиётини амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Бир сўз билан айтганда, бу ҳали бошланиши. Келажакда жигар трансплантациясини кундалик операциялар қаторига қўшиб, ушбу касаллик билан оғриган беморларимиз дардига дармон бўлиш ниятидамиз», дея таъкидлайди у.
Мавзуга оид
12:15 / 20.07.2023
“Дорини вақтида ичмаслик ўлимга олиб келади” — буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган беморлар норози
18:44 / 27.08.2022
“Донорнинг ўлими жуда камдан кам кузатилади” — шифокор Самарқанддаги муваффақиятсиз жигар трансплантацияси ҳақида
10:49 / 22.08.2022
Самарқанддаги илк жигар трансплантацияси: бемор ҳам, донор ҳам шифохонадан чиқмай вафот этди
11:25 / 12.08.2022