Жаҳон | 09:14 / 19.08.2021
45347
3 дақиқада ўқилади

“Мен сотқин эмасман” - Ашраф Ғани Афғонистонни тарк этгандан кейин илк мурожаат билан чиқди

Фото: Getty Images

Афғонистон президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этгандан кейин афғон халқига биринчи мурожаати билан юзланди. У Афғонистонга қайтишга ваъда берди ва мамлакатдан катта миқдорда пул билан қочиб кетгани ҳақидаги ахборотни рад этди
 
Ғани Facebook’даги саҳифаси орқали қилган видеомурожаатида мамлакатни тарк этганини қон тўкилишига йўл қўйишни истамагани билан тушунтирган. 
 
Ғанининг айтишича, Афғонистонда унга қарши суиқасд тайёрланган ва унинг ҳаёти хавф остида бўлган. Уни мамлакатни тарк этишга қўриқлаш хизмати кўндирган. “Тансоқчиларим толиблар пойтахтга кирганда тўнтарувга ўхшаш ҳодиса юз берганини айтганда, мен саройда эдим”, деб таъкидлаб ўтган Афғонистоннинг собиқ етакчиси. 
 
У Афғонистонни ўз мол-мулкининг қатта қисмини, жумладан  қимматбаҳо китобларини ва “махфий ҳужжатлар”ни ташлаб тарк этишга мажбур бўлганини айтган. 
 
Ғани ҳозирда БААда эканини тасдиқлади. 
 
“Мен ҳозирда БААдаман, бироқ яқин орада мамлакатга қайтаман”, деб айтган Ғани ва бу борада “муайян одамлар билан маслаҳатлашувлар олиб бораётганини” қўшимча қилган. Бироқ у кимларни назарда тутаётганига аниқлик киритмаган.
 
Сиёсатчининг айтишича, у толиблар билан Кобул хавфсизлигини таъминлаш ва ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича музокаралар ўтказган. Унинг таъкидлашича, толиблар Кобулга кирмасликка ваъда берган, бироқ пойтахтдаги президент саройини қуршаб олган.
 
Ғани, шунингдек, мамлакатни катта миқдорда пул билан тарк этгани ҳақидаги айбловларни ёлғон ва “мутлақ асоссиз” деб айтган. “Мени ўзим билан пул олиб кетганликда айблашмоқда. Бунинг барчаси ёлғон, мен мамлакатдан бир кўйлак, салла ва туфлида кетдим ва ўзим билан бирга фақат бир сумкада бир нечтагина китобни ололдим”, деб айтган сиёсатчи.  
 
У ўзини сотқин деб ҳисобламаслигини айтди ҳамда “мамлакатдан ўз ҳаётини сақлаб қолиш ва ўз манфаатлари учун қочиб кетгани” ҳақидаги гапларга ишонмасликка чақирди. “Мен ўз ватанимни сотмадим ва барчадан турли миш-мишларга қулоқ солмасликни илтимос қилиб қоламан. Биз Кобул учун тинчликни ва у вайрон бўлмаслигини хоҳлагандик. Мен Афғонистондаги уруш якунланишига умид қилиб қоламан. Қуролли кучларимиз ушбу муваффақиятсизлик учун жавобгар эмас, барча жавобгарлик сиёсатчилар зиммасида”, деб таъкидлаб ўтган Ғани. 
 
У афғонлар манфаатлари учун курашмоқчилигини қўшимча қилган.
 
Толиблар 15 августда Кобулга ҳеч қандай қаршиликсиз кирди ва бир неча соат ичида пойтахт устидан назорат ўрнатганини эълон қилди. Шундан кейин Ашраф Ғани қон тўкилишига йўқ қўймаслик учун мамлакатни тарк этаётганини маълум қилган. 

Мавзуга оид