Жаҳон | 07:13 / 23.08.2021
40522
2 дақиқада ўқилади

АҚШ толибларга аэропортга америкаликларни ўтказмаса, кескин жавоб бериш билан таҳдид қилди

АҚШ “Толибон” жангарилари Кобул аэропортига америкаликларни ўтказмаса, уларга қарши тез ва кучли жавоб бериш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.

Фото: Getty Images

Бу орада толиблар аэропортга тартиб ўрнатиш учун махсус кучлар батальонини жўнатди. Таъкидланишича, толиблардан одамларни аэропортга қўймасликни америкаликлар илтимос қилган.

“Агар улар фуқароларимизга мамлакатни тарк этишига йўл бермаса ёхуд бизнинг амалиётларимиз ва эвакуация жараёнига бирор йўл билан аралашишга уринса ёки унга халақит қилса, тез ва кучли жавоб беришимиздан огоҳлантирдик”, деб айтган АҚШ вакили. 

Аэропортга толиблар батальони жўнатилгани ҳақида “Ал-Жазира” телеканали манбаларга таяниб хабар берди. Уларнинг маълум қилишича, батальон аъзолари америкалик ва уларга ёрдам берган афғонларни эвакуация қилаётган АҚШ ва Покистон самолётларида учиб кетиш учун аэропортга келган одамларни тарқатиши керак. Шунингдек, “аэропортда тартиб ўрнатиш учун у ердан барча рейслар бекор қилингани”, аэропорт у ерда тўпланган одамларни олиб чиқиб кетиш учун 2 кунга ёпилиши маълум қилинган. Телеканалнинг таъкидлашича, айнан америкаликлар толиблардан аэропортга одамларни қўймасликни сўраган.    

“Америкаликлар одамларни аэропортга қўймасликни сўраб бизга мурожаат қилишди. Биз аэропортдаги фуқаролик рейслари яқин кунларда тикланишини кутмоқдамиз”, деб айтган “Толибон” вакили.

Кобул аэропорти фаолиятини айни вақтда НАТО давлатларининг 800га яқин вакили таъминламоқда, у ерда тартиб сақланиши ортидан АҚШ, Британия ва Туркия ҳарбийлари кузатув олиб бормоқда. Минглаб одамлар Афғонистондан учиб кетишни истамоқда. Ҳарбийлар аэропортнинг учиш-қўниш йўлагидан одамларни ҳайдаш учун кўзни ёшлатувчи газ қўлламоқда ва ҳавога ўқ узмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, аэропортдаги тартибсизликлар вақтида бир ҳафта давомида камида 20 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид