Сирдарё ва Тошкент вилоятида талаб юқори дори воситаларини юқори нархда сотаётган шахслар ушланди
Талаб юқори дори воситаларини Пискент туманида 23 минг, Ширин шаҳрида 3 минг АҚШ долларига сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Департаментнинг Пискент тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини қиммат нархларда сотишни режалаштирган Б.Т., Р.Т. ва Ш.Н. исмли фуқаролар 399 қути “Сovifor 100 mg” (Remdesivir), 1 820 қути “Stoper 2 mg”, 13 қути “Клексан 0.8мл” ва 50 қути “Имудон” дори воситаларини жами 23 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг умумий баҳоси 185,3 млн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, Департаментнинг Ширин шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Ш.Б. ва Д.Б. исмли фуқаролар ўзаро тил бириктириб, 50 қути “Covifor” (Remdesivir), 5 қути “Actemra 400 mg/20ml” дори воситаларини жами 3 минг доллар ва 2,7 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Яшнобод туманларида пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларининг қиммат нархлара сотаётган шахслар ушлангани маълум қилинган эди.