Жаҳон | 12:09 / 24.08.2021
12426
1 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусга қарши вакцина илк бор тўлиқ маъқулланди

АҚШнинг озиқ-овқат ва дори-дармонлар сифати масалалари бўйича бошқармаси (FDA) АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компаниялари ишлаб чиққан коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини расман ва тўлиқ маъқуллади.

Фото: Reuters

“Бугун бошқарма коронавирусга қарши биринчи вакцинани маъқуллади. Pfizer/BioNTech каби маълум бўлган вакцина энди бозорда Comirnaty номи остида 16 ёшдан катталарга коронавирусдан профилактик восита сифатида тақдим этилади”, деб айтилган бошқармада.

Шу билан бирга, ушбу вакцинани мавжуд келишувларга мувофиқ, фавқулодда ҳолатларда ҳамон 12 ёшдан 15 ёшгача бўлганларга қўллаш мумкин. Бундан ташқари, иммунитети кучсизланганларга вакцинанинг бустер дозасини қўллашга рухсат амал қилиши давом этади.

FDA’да вакцинанинг батамом маъқулланиши АҚШ аҳолисида вакцинага ишончни янада ошириши ва ҳали эмланмаганларни вакцина олишга ундаши мумкинлиги айтилган.

Таъкидланишича, бошқарма вакцинани маъқуллаш учун уни фавқулодда ҳолатларда қўллаш мақсадида ўрганган маълумотлардан 10 марта кўпроқ ахборотни ўрганишига тўғри келган.

FDA BioNTech/Pfizer вакцинасини 2020 йил декабрда фавқулодда қўллаш учун маъқуллаганди.

Мавзуга оид