Ўзбекистон | 13:04 / 24.08.2021
14951
2 дақиқада ўқилади

Даврон Ҳидоятов Сенат аъзоси этиб сайланди

Тошкент давлат аграр университетида Тошкент вилоятида бўшаб қолган ўринга Олий Мажлис Сенати аъзоси сайловини ўтказиш бўйича қўшма мажлис бўлиб ўтди.

Сенат аъзолигига Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов номзоди илгари сурилиб, яширин овоз бериш жараёнлари ўтказилди.

Саноқ комиссияси хулосасига кўра, қўшма мажлисда 535 нафар депутат иштирок этиб, овоз бериш жараёнларига 531 киши қатнашди. Шундан 4та сайлов бюллетени ҳақиқий эмас деб топилди, 9та бюллетендан фойдаланилмади.

Қўшма мажлисда овоз беришда иштирок этган депутатларнинг 518 нафари Даврон Ҳидоятовни ёқлаб овоз бергани маълум қилинди. Шундай қилиб, Тошкент вилояти ҳокими кўпчилик овоз билан Сенат аъзоси этиб сайланди. 

Маълумот учун, жорий йил март ойи ўрталарида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб келган Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими этиб тасдиқланганди.

Д. Ҳидоятов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996-2009 йилларда банк тизимида, 2014 йилгача автосаноат тармоғида фаолият юритган. 2014-2020 йилларда Хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Чилонзор тумани ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид