Ўзбекистон | 20:21 / 26.08.2021
11482
3 дақиқада ўқилади

Экоқўмитанинг собиқ раиси Алишер Мақсудов “Миллий тикланиш” марказий кенгашидан чиқарилди

Куни кеча президент селекторида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимидан олинган Алишер Мақсудов “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши таркибидан ҳам чиқарилди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

26 август куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг VII қурултойи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда партия марказий кенгаши таркибига янги аъзолар қабул қилиш, айримларини эса чиқариш, шунингдек, кенгашнинг доимий аъзолар сонини 85 нафарга кўпайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Унга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг эндиликда собиқ раиси Алишер Мақсудов қурултойда киритилган таклиф ва аъзолар маъқуллаши билан партия марказий кенгаши таркибидан чиқарилди.

Қурултойда кенгаш таркибига қуйидаги 4 нафар янги аъзо қабул қилинжи:

  • Бахтиёр Сайфуллаев – Олий Мажлис Сенати аъзоси;
  • Улуғбек Муҳаммадиев – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бошқарма бошлиғи;
  • Козимжон Тожиев – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати;
  • Сайфулло Аҳмедов – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси.

Kun.uz мухбири тадбир якунида Алишер Мақсудовнинг айнан қандай сабаб билан кенгаш таркибидан чиқарилгани бўйича партия раиси ўринбосари Баҳодир Маматхоновга мурожаат қилди. Маматхонов бунинг сабабини билмаслигини айтди.

“Билмадим, бу – кенгашнинг қарори. Лекин қандайдир негатив сабаблар йўқ. Менимча, партия ҳозирги сайлов жараёнида фақат фаол аъзолар билан ишламоқчи”, – деди у.

Маълумот учун, партия марказий кенгаши қурултойлар орасида партиянинг ишига баҳо ва кўмак берувчи юқори орган ҳисобланади. Унга турли нуфузли ташкилот ва давлат органлари раҳбарлари ҳамда жамоат фаоллари қабул қилинади.

“Миллий тикланиш” партиясининг VII қурултойида марказий кенгаш аъзолари сони 85 нафарга кўпайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов 24 август куни ўз лавозимидан озод этилди.

Бунга “соҳадаги тизимли муаммоларни ҳал қилмагани ва йўл қўйган бошқа камчиликлари” сабаб бўлгани айтилди.

Мавзуга оид