Сурхондарёда бир гуруҳ ўқитувчилар мактаб ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб, бир-бирига тан жароҳати етказди
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида жойлашган мактаблардан бирининг ҳовлисида бир гуруҳ ўқитувчилар ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини дўппослагани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳодиса тўғрисида расмий муносабат билдирди.
Муносабатда ёзилишича, ҳодиса Қумқўрғон туманида жойлашган 59-мактабда содир бўлган ва ҳодиса юзасидан вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода тасвирланган жанжал 2021 йил 23 август куни соат 10:00 ларда Қумқўрғон тумани 59-мактабда содир бўлган. Ушбу мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчилар: Р.Х.Азизбек, Н.А.Насиба, Н.А.Нурилла ва М.Т.Бахтиёр ўзларига олдиндан таниш бўлган шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчи Д.Б.Ҳаитмурод билан мактаб ҳовлисида ўзаро келишмовчилик сабабли жанжаллашишган. Сўнг Д.Б.Ҳаитмуродни уриб-дўппослаб, баданга енгил шикаст етказишда ифодаланган безорилик жиноятини қасддан содир этишган. Ўз навбатида, Д.Б.Ҳаитмурод ҳам уларни дўппослаган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 24 августда Қумқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Р.Х.Азизбек, Н.А.Насиба, Н.А.Нурилла, М.Т.Бахтиёр ва Д.Б.Ҳаитмуродга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноий иш қўзғатилган.
Шу куннинг ўзида гумон қилинувчи Р.Х.Азизбек, Н.А.Нурилла, М.Т.Бахтиёр ва Д.Б.Ҳаитмурод Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда Қумқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва келгусида қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Мавзуга оид
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
11:30 / 01.11.2024
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчилар ўзаро жанжаллашди
16:01 / 28.10.2024