Ўзбекистон | 11:42 / 30.08.2021
2849
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ вакиллари Ўзбекистонда президентлик сайловларининг халқаро кузатувчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди

Ўзбекистонда президентлик сайловларида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)дан 3 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда бугун, 30 август куни бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Шунингдек, йиғилишда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш масаласи кўриб чиқилди. Маълум қилинишича, Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилгани Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.

Мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ 36 нафар маҳаллий ОАВ вакили рўйхатдан ўтказилгани таъкидланди. Шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари сони 766 нафар, хорижий ОАВ вакиллари сони 48 нафарни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда сайловолди кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Ҳозирга қадар бешта партия ўз номзодларини тақдим қилди ва имзо йиғиш жараёнлари бошланди. Президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтади.