Жамият | 16:01 / 31.08.2021
31079
3 дақиқада ўқилади

Чўлдаги қовун пайкалида бир кеча. Қовунхўр чиябўрилар ва жонга ора пашшахона

Тарвуз-қовун етиштириш бир машаққат бўлса, пишганидан кейин уни қўриқлаш ҳам ўзига яраша иш. Биз Марказий Фарғона чўлларидаги қовун пайкалларидан бирида бир кеча қолиб, тонгда водийдаги энг катта қовунбозорга бордик.

Наманган вилояти Мингбулоқ туманининг чўлли ҳудудида аҳоли асосан қовун-тарвуз ва шоличилик билан шуғулланади.

Жамоамиз билан қовун пайкалида бир тунни ўтказиб, водийдаги энг катта қовун бозорини тасвирга олишга қарор қилдик.

Сардор Ҳакимов

Сардор Ҳакимов бу йил биринчи марта қовун етиштириши. У ерга қовуннинг “шакарпалак”, “Ҳиндистон маликаси” номли навларидан эккан. Ҳозирда ҳосил ғарқ пишган пайти.

Қаҳрамонимиз қовунчиликнинг ўзига яраша меҳнати борлиги: қўлда чопиқ қилиш, ўғитлаш, ҳайдов техникаларида ишлов бериш кераклигини айтади.

Қовунни экиш, уни етиштириш ўзига хос бир машаққат бўлса, уни қўриқлаш ҳам ўзига яраша иш.

Чўл ҳудудларида тулки, чиябўри, баъзида бўрилар ҳам учраб туради. Тулки ва чиябўри ширин қовунларни топиб ейишга уста ҳайвонлар ҳисобланади.

Кун қорайиб, қуёш ботар экан, қовунчининг ариқ бўйига ажойиб қилиб жойлаштирилган капасида тунайдиган бўлдик.

Чўл ҳудудларининг яна бир ўзига хос жиҳати – қоронғи тушиши билан атрофга қонхўр чивинлар чиқа бошлайди. Улар шунчалик кўплигидан бир дақиқа ҳам хотиржам туришнинг иложи қолмайди. Тунашда эса, халқ тилида “пашшахона” деб аталувчи махсус жойда ухлашга тўғри келади. Кечки овқатни ҳам “пашшахона”да тановул қилдик.

Тунни ўтказар эканмиз, кечаси билан чиябўрилар овози атрофни тутиб кетди. Озгина қўрқув ҳис қилсангиз-да, кичик йиртқичларнинг ёруғлик тушиб турган жойларга келмаслигини билиб таскин топасиз.

Чўл чиябўрилари инсонга ўта оч қолганда тўдалашиб ҳужум қилади. Ёз фаслида эса, уларнинг асосий таоми далаларда пишиб етилган қовун ва тарвузлар бўлади. Ширин қовун танлашда чиябўри ва тулкилар одамдан қолишмайди.

Эрта тонгдан қовунларни узиш бошланди. Ҳосилнинг бир қисмини машинага ортиб, сотув ҳажми бўйича Фарғона водийсидаги энг катта қовун бозорига йўл олдик.

Мингбулоқ туманидаги қовун бозорида улгуржи сотилган қовунлар Фарғона, Марғилон, Наманган ҳамда Андижон шаҳарлари томон олиб кетилади.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Боймирза Халилов

Мавзуга оид