Жаҳон | 11:00 / 31.08.2021
31335
1 дақиқада ўқилади

Пентагон Кобулни тарк этган охирги америкалик ҳарбий суратини намойиш қилди

АҚШ мудофаа вазирлиги Афғонистонни охирги бўлиб тарк этган америкалик ҳарбийнинг суратини Twitter аккаунтига жойлаштирди.

Фото: Twitter /DeptofDefense

Инфрақизил камера ёрдамида олинган суратда 18-ҳаво-десант корпуси қўмондони лейтенант Крис Донахью акс этган. Суратда унинг АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг C-17 самолёти бортига қўлида штурм милтиғи билан кўтарилаётгани тасвирланган. Самолёт АҚШга қўнгандан кейин Вашингтон Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлаган.

Афғонистонда бирорта америкалик ҳарбий қолмагани ҳақида 31 августга ўтар кечаси АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Кеннет Маккензи маълум қилганди. Унинг айтишича, АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиёти вақтида 2461 америкалик ҳарбий ва фуқаро ҳалок бўлган. Шунингдек, 20 мингдан кўпроқ америкалик жароҳат олган.

Ўз навбатида, “Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид Афғонистон АҚШ қўшинлари олиб чиқилгандан кейин тўлиқ мустақилликка эришганини айтган.

Мавзуга оид