Жаҳон | 16:44 / 01.09.2021
18580
2 дақиқада ўқилади

Толиблар ва Панжшердаги қаршилик ҳаракати ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланди – ОАВ

Қаршилик кучлари вакиллари ушбу хабарга изоҳ бермади.

Фото: РИА Новости / Стрингер

"Толибон" ҳаракати ва Панжшер вилоятидаги қаршилик кучлари ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали ҳаракат вакили Амир Хон Муттақийга таяниб хабар берди.

Қаршилик кучлари вакиллари ушбу хабарга изоҳ бермаган.

Аввалроқ ТАСС ўз манбасига таяниб қаршилик кучлари Панжшер ғарбида толиблар ҳужумини қайтаргани ҳақида хабар қилганди.

Ўтган ҳафтада Чорикор шаҳрида миллий қаршилик фронти ва "Толибон" делегациялари ўртасида музокаралар ўтказилди.

Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг Кобулдан шимоли-шарқда жойлашган Панжшер вилояти қаршилик ҳаракати марказига айланди. Бу ерда Аҳмад Масъуд ўзини қаршилик кучлари етакчиси ва водийни толиблар таъқибидан қочганлар учун ишончли бошпана деб эълон қилди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани БААга кетгач, вице-президент Амрилла Солиҳ ўзини вақтинча президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилиб, афғонларни толибларга қарши кураш олиб боришга чорлади.

Турли баҳоларга кўра, Панжшердаги қаршилик отрядлари сафида 12 мингдан 15 минггача жангчи бор. "Толибон" эса 80 минглик қўшинга эга.

Мавзуга оид