Жаҳон | 11:58 / 05.09.2021
58773
12 дақиқада ўқилади

«Толибон», ИШИД ва «Ал-Қоида»: уларнинг орасида қандай фарқлар бор?

Гарчи улар жиҳодчилик мафкурасига эга эканликлари билан ўхшаш бўлса-да, «Толибон», ИШИД ва «Ал-Қоида»нинг усул ва мақсадлари бутунлай бошқача. Хўш, бу уч ташкилот қайси жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилади?

Гарчи жиҳод тарафдори бўлишса-да, уларнинг бир-биридан фарқли идеаллари ва мақсадлари бор.

«Толибон»нинг Афғонистонда бошқарувни қўлга олиши бутун дунёдаги радикал кучларни хурсанд қилди.

Яман ва бошқа кўплаб мамлакатларда мушаклар отилди. Сомалида эса жиҳодчилар «Толибон» ғалабасини нишонлаш учун ширинликлар тарқатишди. Осиё жанубидаги гуруҳлар Ғарб давлатларининг Афғонистондан чиқиб кетишини нишонлашди.

Айрим экспертлар Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда терроризм кучайишидан хавотирда.

Энг катта таҳдид «Ал-Қоида» ва ИШИДга алоқадор гуруҳлар билан боғлиқ. Улар сўнгги йилларда заифлашган бўлса-да, ҳамон бутунлай тугатилгани йўқ.

АҚШ билан келишув натижасида «Толибон» Ғарбдаги нишонларга ҳужум қилмоқчи бўлган экстремистик гуруҳларга мамлакат ҳудудида бошпана бермасликка ваъда берган. Бироқ ҳаракат ҳали ҳам «Ал-Қоида» билан алоқаларни сақлаб қолмоқда.

ИШИДнинг Хуросон бўлинмаси сифатида танилган ва ISIS-H деб номланган гуруҳ ҳам 26 август куни Кобул аэропорти ташқарисида қонли ҳужумлар уюштирди. Натижада 170 киши ҳалок бўлди, улардан 13 нафари АҚШ аскарлари эди. Экспертларнинг фикрича, эндиликда «Ал-Қоида»нинг рақиби ИШИДга нисбатан босим ўтказилади.

ИШИД халифалик эълон қилиб, Ироқ ва Суриянинг катта бир қисмида ҳукмронлик қилди.

«Толибон» Афғонистондаги энг қудратли куч. «Ал-Қоида» эса кўп миллатли жиҳодчи гуруҳ бўлиб, у ўзининг эски тармоқларини тиклашга уринмоқда. ИШИД ҳам. Лекин ИШИД бунинг учун ўзининг ашаддий душманлари - «Ал-Қоида» ва «Толибон»га қарши қаттиқ кураш олиб бориши керак бўлади», дейди Нью-Йоркдаги Soufan маркази тадқиқотчиси, хавфсизлик бўйича мутахассис Колин Кларк.

Ташкилотларнинг илдизлари

«Ал-Қоида» ва «Толибон» 1980-йиллар охиридаги совет босқинига қарши кураш ва 1990-йиллардаги Афғонистоннинг ички курашларида пайдо бўлди.

ИШИД эса бир неча йил ўтгач, «Ал-Қоида»нинг Ироқдаги қолдиқларидан пайдо бўлди ва 2003 йилда Ироқ ишғолига жавобан маҳаллий «Ал-Қоида» унсури сифатида саҳнага чиқди.

Гарчи бу ташкилот 2007 йилда Ироқдаги АҚШ қўшинлари сонининг ортиши фонида бир неча йил давомида кўзга ташланмай турган бўлса-да, 2011 йил қайта тиклана бошлайди.

«Ал-Қоида»га 1980-йиллар охирида саудия арабистонилик миллионер Усама Бин Лодин томонидан асос солинади. «Ал-Қоида» «таянч», «пойдевор» деган маъноларни англатади. У советлар иттифоқига қарши қуролланган кучлар моддий ва ҳарбий жиҳатдан ёрдам кўрсатади.

Бин Лодин бутун дунё бўйлаб жиҳодчиларни «Ал-Қоида» сафида тўплайди. 

Усама Бин Лодин 11 сентябр хуружидан уч йил олдин CNN телеканалига берган интервьюсида АҚШга қарши жиҳод эълон қилади.

Пушту тилида «талабалар» деган маънони англатувчи «Толибон» советларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан 90-йилларда Покистон шимолида пайдо бўлади.

У дастлаб Саудия Арабистонидан келган маблағлар ҳисобига молиялаштирилади ва ўзини пуштунлар ҳаракати сифатида намоён қилади.

«Толибон»нинг ваъдаси Покистон ва Афғонистон ўртасидаги пуштун минтақасида исломий аҳком ва шариатга асосланган бошқарув билан тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш эди.

«Толибон» Афғонистоннинг жануби-ғарбидан бошлаб, тезлик билан ўз таъсирини кучайтириб боради. 1996 йилда толиблар президент Бурҳониддин Раббонийни ағдариб, Кобулни қўлга олади. 1998 йилда мазкур ташкилот Афғонистоннинг 90 фоизини назорат қиларди.

«Ал-Қоида» кейинчалик моддий-техник ёрдам тармоғидан глобал амбицияларга эга жиҳодчи ташкилотга айланади. «Толибон» режими эса «Ал-Қоида»ни Афғонистонга таклиф қилади.

Ироқдаги «Ал-Қоида» эса 2006 йилда бошқа экстремистик гуруҳлардан ажралиб, Ироқ Ислом Давлати номини олади.

2011 йилдан кейин бу ташкилот Суриядаги урушда тўлиқ иштирок этади ва ўз номини Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД) деб ўзгартиради. Шу тариқа «Ал-Қоида» билан унинг йўллари айрилади.

Бу уч ташкилот ўртасидаги умумийлик - улар сунний мазҳабига эътиқод қилишади. BBC мухбири билан суҳбатда Лондон қироллик коллежида дарс берувчи Мишель Гроппи шундай дейди: «Барча уч ташкилот ижтимоий ва сиёсий ҳаёт дин билан узвий бўлиши керак деб ҳисоблайди. Улар шариат қонунлари амалда бўлиши учун куч қўллашни тўғри деб билишади».

Мақсадлар

«Толибон»нинг манфаатлари Афғонистонга қаратилган, лекин «Ал-Қоида» ва ИШИДнинг глобал амбициялари бор.

«Толибон» охирги марта 1990-йилларда шариат қонунларини жорий қилади. Унинг ҳукмронлиги даврида аёлларга нисбатан қўлланган қаттиқ тартиб ва жазолар, инсонларни омма олдида қатл қилиш, калтаклаш ва тана аъзосини кесиб ташлаш каби ҳолатлар кузатилади.

Шу боис ҳам тарих такрорланишидан қўрқиб, афғонлар мамлакатни тарк этиш мақсадида чегара ва аэропортга ёпирилишди.

Вашингтондаги Жоржтаун университетининг терроризм ва Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Дэниел Байман «Ал-Қоида» ва ИШИД янада радикал ҳисобланишини таъкидлайди.

Байманнинг айтишича, толиблар Афғонистонда ўтмишни тиклашга ҳаракат қилсалар-да, уларнинг бошқа мамлакатларни ўзгартиришга қаратилган мақсадлари йўқ.

«Толибон» 1970-80-йиллардаги фуқаролар уруши ва совет қўшинларига қарши амалга оширилган қаршилик ҳаракатлари негизида пайдо бўлган.

«ИШИД халифаликни бугун ўрнатмоқчи, «Ал-Қоида» эса ҳали эрта деб ҳисоблайди. Толиблар бунга мусулмон жамоалар ҳали тайёр эмаслигини айтишади. Уларнинг бош мақсади халифалик эмас», дейди Байман «Ал-Қоида» ва ИШИДнинг халифалик ўрнатиш борасидаги қарашларини ўзаро солиштирар экан.

Душманлар

«Толибон», «Ал -Қоида» ва ИШИДнинг узоқ ва яқин душманлари бор. Душманлар рўйхатининг энг бошидан АҚШ ва Ғарб давлатлари ўрин олган. 

«ИШИД аввалбошдан «Ал-Қоида»дан кўра кўпроқ зўравонликни намойиш этди ва Ғарбга, шунингдек, ўзининг мафкурасига қўшилмайдиган бошқа мусулмонларга ҳам қарши мазҳабий кураш олиб борди», дейди Байман.

Яна бир муҳим фарқ шундаки, АҚШ «Ал-Қоида»нинг бош душмани бўлиб қолди. ИШИД эса Яқин Шарқдаги шиа ва бошқа диний озчиликларга ҳужум уюштиришда давом этмоқда.

Байманнинг таъкидлашича, «Ал-Қоида» ҳам шиаларни «муртад» деб билади. Бироқ уларни ўлдиришни ресурсларни исроф қилувчи ва жиҳод лойиҳасига зарар етказувчи ўта кескин бир ҳаракат, деб баҳолайди. АҚШнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ режалаштирилган музокаралар туфайли ИШИД «Толибон»ни «хоин» деб билади. «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши шу боис ҳам уларнинг ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирмоқда.

Бироқ ИШИД учинчи гуруҳ орқали «Толибон» билан билвосита алоқани сақлаб турибди. Экспертларнинг айтишича, Афғонистондаги ИШИД гуруҳлари ва «Толибон» билан яқин алоқада бўлган «Ҳаққоний тармоғи» номи билан танилган гуруҳ ўртасида кучли алоқалар мавжуд.

Усуллар

«Ал-Қоида» 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркдаги эгизак минораларга қилинган ҳужумлар билан яхши таниш.

Ушбу ташкилот ўзининг юқори таъсирчан усуллари билан бутун дунё мусулмон жангчиларини сафарбар қилиш орқали АҚШни Яқин Шарқ, айниқса, Саудия Арабистони ва муқаддас жойлардан ҳайдашни мақсад қилган.

2001 йил 11 сентябрда АҚШда уюштирилган ва минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ҳужумлар ортида «Ал-Қоида» турган.

Гарчи бу ташкилотларнинг тарғиботи жиҳод ҳар бир мусулмоннинг бурчидир, деган фикр атрофида айланса-да, уларнинг асосий эътибори маҳаллий мусулмонларга қаратилган.

Байманнинг айтишича, ИШИД ҳам масалага шундай ёндашади, бироқ унинг ёндашувида ўта кескинлик кўзга ташланади: «ИШИД учун терроризм инқилобий урушнинг бир парчасидир. У ҳукмронлиги остидаги ҳудудларда оммавий қатллар ва зўравонликларни амалга оширди. Маҳаллий аҳолини бўйсундириш учун уни қўрқитишга ҳаракат қилди. «Ал-Қоида» эса «мулойимроқ» ёндашувга эга».

ИШИД 2014-2017 йиллар орасида кучга тўлиб, Сурия ва Ироқдаги ўз ҳудудларини кенгайтиради. Аммо Ғарб давлатлари, Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия ҳукумати ва курд қўшинларига қарши жангларда ҳудудларни бой беради.

2019 йил март ойида ИШИД Сурияда ўз бошқарувидаги сўнгги ҳудудларни қўлдан чиқаради, халифалик тугатилгани эълон қилинади, бироқ ташкилот махфий тармоқ сифатида фаолиятини давом эттиради ва ҳамон таҳдид манбайи бўлиб қолмоқда.

ИШИДнинг Афғонистондаги тармоғи ISIS-H 26 август куни Кобул аэропортида 170 киши ўлимига сабаб бўлган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Ташкилот мамлакатдаги озчилик этник гуруҳларга ҳужум қилишда ҳам давом этмоқда.

ISIS-H 26 август куни Кобул аэропортида 170 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

«Толибон» эса сўнгги ҳафталарда йирик шаҳарларни ва ниҳоят пойтахт Кобулни эгаллаш учун уруш тактикасини қўллади, Афғонистон ҳукумати ва хавфсизлик кучларига қарши ҳужумлар уюштирди.

Таъкидлаш жоизки, «Толибон» аъзоларига қарши афғон аскарларини қатл қилиш, хусусан, аёлларга нисбатан қаттиқ жазо ва чекловларни жорий этиш сингари кўплаб айбловлар мавжуд.

Аммо Гроппининг айтишича, толиблар маҳаллий аҳолини, айниқса, қишлоқларда яшовчи инсонларни кўплаб муаммолар, хусусан, коррупцияга ечим топишга ишонтириш орқали ўз мақсадлари сари илгарилаб борди.

Жангчилар йиғиш

«Толибон», «Ал-Қоида» ва ИШИД маҳаллий аҳолини урушга жалб қилишга муваффақ бўлди. Учала ташкилот ҳам бу ишни одамларни жиҳодга тарғиб қилиш орқали амалга оширди.

«Ал-Қоида» ва ИШИД глобал амбициялар орқали Яқин Шарқ чегараларидан ташқаридаги одамларни ҳам ўз сафига қўшишга эришди.

Гроппининг таъкидлашича, бу борада энг муваффақиятли ташкилот ИШИДдир. Мазкур ташкилот «одамларни Ироқ ва Суриядаги базаларига жалб қилиш учун интернет кучидан фойдаланади». 

2015 йил ИШИД Парижда бир неча бор ҳужум уюштирди.

Байман ҳам ушбу фикрга қўшилади. «ИШИДнинг ижтимоий тармоқлардаги тарғиботи жуда кучли эди. У Ғарбда бу ташкилот билан алоқаси мавжуд бўлган-бўлмаган, Сурия ва Ироққа бора олмайдиган одамларни ҳам ўз мамлакатларида ҳужумлар уюштиришга сафарбар эта олди», дейди Байман.

Бунга мисол сифатида 2015 йилда баъзилари Яқин Шарқдаги жанг майдонларида бўлган ИШИД жангарилари томонидан уюштирилган ва 130 кишининг ўлимига сабаб бўлган Париж воқеаларини келтириш мумкин. 

Мавзуга оид