Сурхондарёда аҳолини ичимлик сув билан таъминлайдиган йирик лойиҳани бошлашга старт берилди
Сурхондарё вилоятининг барча туман ва шаҳарлари аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлайдиган йирик лойиҳани бошлашга старт берилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йил 5 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматов, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, сенатор А.Сангинов Сариосиё туманида бўлиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини ичимлик сув билан таъминлайдиган йирик лойиҳага старт берилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 44,6 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланмаган. 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.
Шу боис «Тўпаланг» сув омборидан вилоят бўйлаб ичимлик сув тармоғи тортиш бўйича дастлабки лойиҳа ишлаб чиқилган. Лойиҳага кўра «Тўпаланг» сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилади. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Лойиҳа амалга оширилгач, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1 миллион 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
Таъкидланишича, лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. У маҳаллий «Toʼpalang HPD Platinum» корхонаси томонидан 2021-2023 йиллар давомида босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланган.
Мавзуга оид
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
11:38 / 25.10.2024
Вилоятлар орасида энг зич аҳоли Андижонда яшаши маълум қилинди
10:59 / 25.10.2024