Ўзбекистон | 22:51 / 08.09.2021
95418
2 дақиқада ўқилади

Олий таълимда тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди

Базавий контракт миқдори 10 фоизга ошди. Шу билан бирга, кундузги шаклда ўқиётган талабалар 1 ноябргача коронавирусга қарши вакцина олса, 10 фоизлик чегирмага эга бўлади.

Давлат қабул комиссиясининг 6-сон баёни билан, 2021/22-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қайд этишича, бакалавриат ва магистратурада кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган ва 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирусга қарши эмланган талабаларга жорий ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига 10 фоиз чегирма берилади.

Бакалавриатнинг кундузги таълимида энг юқори контракт – 16 023 820 сўм (стипендияли) ёки 9 809 260 сўм (стипендиясиз). Бу –  “Жаҳон сиёсати”, “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар” ва “Ҳуқуқ” йўналишларига тааллуқли.

Минимал контракт миқдори эса 12 627 170 сўм (стипендияли) ёки 6 412 610 сўм (стипендиясиз). Педагогика ва кўплаб ижтимоий йўналишларда ушбу сумма белгиланган.

Бакалавриатнинг соғлиқни сақлаш йўналишларида стипендияли ва стипендиясиз контракт миқдорлари мос равишда 15 344 490 сўм ва 9 129 930 сўм деб белгиланган.

Қайд этилишича, ўқув йили давомида стипендия миқдори ошса, стипендияли контракт миқдори стипендиянинг янги миқдоридан келиб чиқиб, ўқув йили охиригача оширилади.

Мавзуга оид