Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позициясини маълум қилди
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Афғонистон масаласида минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги ҳамда Ғарб давлатлари ташаббуси билан ташкил этилган видеоконференцалоқа шаклидаги учрашувларда қатнашди.
8 сентябрь куни Афғонистон билан қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.
Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший раислигида ўтказилган йиғилишда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И, Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хожиев иштирок этди.
Учрашув қатнашчилари Афғонистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, шунингдек, тинчлик, хавфсизлик, миллий ярашувни таъминлаш, Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва барқарор ривожланиш тамойиллари тарафдори эканлигини билдириб, мамлакат келажаги ўз халқи томонидан белгиланиши кераклигини қайд этишди.
Барқарор, тинч ва фаровон Афғонистон бутун кўп миллатли афғон халқи ва жаҳон ҳамжамияти манфаатларига жавоб бериши, Афғонистон билан барқарор халқаро алоқалар, айниқса, унинг гуманитар ривожланиш эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
«Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқликнинг муҳим бўғинидир. Шу маънода, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш мамлакат иқтисодиётини тиклашга самарали имконият яратади», деган Абдулазиз Комилов.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, умумий муаммоларни ҳал этиш ҳамда тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик, минтақавий ўзаро боғлиқлик ва иқтисодий интеграцияни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланган.
Бугун Абдулазиз Комилов Афғонистон бўйича видеоконференцалоқа шаклидаги яна бир вазирлар учрашувида иштирок этди. АҚШ Давлат департаменти ва Германия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишда дунёнинг 20дан ортиқ мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари ҳамда БМТ, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари қатнашди.
Тадбирда Афғонистондаги мавжуд вазият, Афғонистон инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, хусусан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш, Афғонистон ҳудудида террористик ташкилотлар фаолият юритишининг олдини олиш борасидаги «Толибон»нинг мажбуриятларини бажариши муҳимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўз нутқида Афғонистон учун можаролардан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш, жумладан, унинг иқтисодиётини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратди.
«Ўзбекистон Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори», деган Комилов.
Мавзуга оид
19:07 / 13.09.2024
Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили билан учрашди
11:10 / 14.08.2024
Абдулазиз Комилов: «Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига эришиш – ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши»
15:50 / 20.01.2024
Абдулазиз Комилов Брюсселда ЕК раҳбарининг бош маслаҳатчиси билан учрашди
12:52 / 20.01.2024