Рейтинг машмашаси. Навоийда тестдан “йиқилган” битирувчилар қўшни давлатлардаги ОТМларга ҳужжат топширишга мажбурланаётгани айтилмоқда
Битирувчиларнинг ОТМларга ўқишга кириш кўрсаткичи ҳудудлар, вилоят ва туман, мактаблар кесимида таҳлил қилиниб, турли рейтинглар эълон қилинади. Битирувчилари 100 фоиз талаба бўлди, деган баҳо ҳар бир мактаб учун юксак эътироф, албатта. Бироқ бу эътирофга ҳам ёлғон аралаша бошлагани ачинарли.
Kun.uz манбасининг хабар беришича, Навоийда талаба бўла олмаган битирувчилар қўшни давлатлардаги ОТМларга ҳужжат топширишга мажбурланмоқда. Хусусан, Зарафшон шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабида бу ҳолат очиқчасига амалга ошириляпти.
Олдинроқ вилоят ХТБ “Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига 30 та мактаб” лойиҳасини илгари сурган,унда ҳудуддаги 30 та мактабнинг битирувчилари 100 фоизлик натижа билан ОТМларга ўқишга киришига ҳаракат қилиниши ҳақида маълум қилганди. Мандат эълон қилингач, ушбу ваъда бажарилгани, вилоятдаги 30 та мактаб битирувчилари 100 фоизлик натижа билан талаба бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Ушбу мактаблар рўйхатида Зарафшон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ҳам бор.
Бироқ Kun.uz манбасига кўра, ушбу мактабнинг 7 нафар битирувчисидан 3 нафари талаба бўлган. Қолган 4 нафари эса тестлардан “йиқилган”. Эндиликда, “100 фоизлик натижа ва рейтингни” ушлаб қолиш учун мактаб директори талаба бўлолмаган битирувчиларни қўшни давлат ОТМларига ҳужжат топширишга мажбурлаяпти.
Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Навоий вилояти ХТБ бошлиғи Марат Шамуратов билан боғланди. ХТБ бошлиғига кўра, талаба бўлолмаган 3 нафар битирувчининг ота-онаси аввалига фарзандларининг Қирғизистондаги ОТМда ўқишига розилик билдирган. Аммо кейинчалик уларнинг фикри ўзгарган.
“Бировнинг боласини мажбурлаб бўларканми? Бунақа ҳолатга йўл қўйилмайди. Аслида, ўқишга киролмаган 3 нафар битирувчи Қирғизистондаги ОТМда ўқишга розилик билдирган ва ўз ихтиёри билан ҳужжат топширган. Улардан 2 нафарининг шартнома пули мактаб директори томонидан, 1 нафариники эса ҳудуддаги Геология қидирув экспедицияси томонидан тўлаб берилмоқчи эди. Бироқ айрим сабабларга кўра, 2 нафар битирувчининг ота-онаси фикридан қайтди. Бироқ шартнома пулини тўлаб берса, уйида ўтириб онлайн ўқиса, бир йилдан кейин ўқишни Ўзбекистонга кўчирса, бунинг нимаси ёмон?” — дейди Марат Шамуратов.
Битирувчилардан бири Нурлат Мирзамуратов эса Kun.uz билан суҳбатда ҳолатни бошқачароқ изоҳлаб, мактаб директорининг қистови сабабли Қирғизистондаги ОТМга ҳужжат топширишга розилик билдирганини маълум қилди.
“Мен Қирғизистонда ўқимаслигимни айтдим. Аммо мактаб директори қўймади, ҳар куни ота-онамга, менга қўнғироқ қилаверди. Кейин ота-онамдан яширинча равишда рози бўлдим. Лекин ота-онам кўнмади. Зарафшондаги “техникум”да ўқимоқчиман. Ҳозир ҳужжатларимни қайтариб олганман. Қолган 2 нафар синфдошим билан ҳам шунақа бўлди, улар ҳам Қирғизистонда ўқиш фикридан қайтишган”, — дея таъкидлайди мактаб битирувчиси.
Аслида, бу каби йўл тутаётган айрим мактаб директорларининг ҳаракати ОТМга кириш кўрсаткичи юқори бўлган мактаблар тақдирланиши ёки аксинча паст кўрсаткич қайд этилганида жазоланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, ўтган йили Навоийда таълим сифати паст бўлган 26 нафар мактаб директори, 2 нафар халқ таълими бўлими мудири, 3 нафар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ҳамда ОТМга кириш кўрсаткичи юқори бўлган 106 нафар мактаб директори 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланганди.
Аммо бу ҳолат битирувчини муаммолар гирдобига улоқтириш билан баробар. Чунки қўшни давлатлардаги ОТМга ўқишга кириш ва уни кейинчалик Ўзбекистонга кўчириш фақатгина битирувчининг билими билан боғлиқ эмаслиги бу жараённи бошидан ўтказганларга яхши маълум.
Олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевмактаблар рейтинги олий таълим муассасасига ўқишга кирган ўқувчилар сонига кўра тоифаланишига, олий таълим муассасаларига кира олмаган ўқувчилари сабабли мактаб директорлари ишдан олинишига эътироз билдирганди.
Мавзуга оид
12:16 / 01.11.2024
Навоийда одамлар даромадини кўпайтириш масаласи кўриб чиқилди
21:27 / 31.10.2024
Навоий давлат университети ташкил этилди
21:16 / 31.10.2024
Президент Навоий вилоятида йирик ва стратегик лойиҳалар билан танишди
16:28 / 31.10.2024