Ўзбекистон | 17:33 / 08.09.2021
14849
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокимининг икки ўринбосари учун “Malibu” ва “Tracker” автомобиллари сотиб олинди

Тошкент вилояти ҳокимлиги биттадан “Chevrolet Malibu” ва “Chevrolet Tracker” автомобиллари сотиб олишга 610 млн сўм сарфламоқда. Ҳокимлик ихтиёридаги автотранспорт воситаларидан 5 таси муддатидан олдин носоз ҳолга келиб қолган.

6 сентябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги 369 миллион сўмлик 1 дона “Chevrolet Malibu” ҳамда 232 миллион сўмлик 1 дона “Chevrolet Tracker” харид қилиш бўйича шартномалар имзолади.

Ҳокимлик бу харидларни “вилоят ҳокими ўринбосарларининг иш фаолияти самарадорлигини ошириш, бевосита ҳудудларга чиқиш билан боғлиқ ишларни унумли ташкиллаштириш” зарурати билан изоҳлади.

Таъкидланишича, бугунги кунда Тошкент вилояти ҳокимлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида 18 та хизмат автотранспортлари ажратилган. “Вилоят нисбатан катта ва унинг салмоқли қисми тоғли ҳудудлардан иборат бўлгани учун мавжуд автотранспорт воситаларининг 5 таси муддатидан олдин техник носоз ҳолга келган. Уларнинг хизматга яроқсизлиги бўйича тегишли тартибда далолатномалар тузилган”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, биттадан “Malibu” ва “Tracker” хариди учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил II чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 610 млн сўм ажратилган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимининг жорий йил 26 августда тегишли фармойиши қабул қилинган.

Куни кеча Давлат божхона қўмитаси 7,3 миллиард сўмга 76 та автомобил сотиб олгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид