Ўзбекистон | 20:53 / 09.09.2021
17986
4 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: “Ўтган 5 йилда цензура ва ўз-ўзини цензуралашни деярли йўқотдик”

“Биз қонунларни кескинлаштириш, турли мавзулардаги чиқишларни тақиқлаш, ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйиш ва фикрларни бошқариш орқали ижобий натижага эришиб бўлмаслигини яхши англаймиз. Буларнинг бари акс самара беради ва вазиятни янада чигаллаштиради”, – деди Саида Мирзиёева Тошкентдаги медиа-конференцияда.

Фото: Масс-медиа фонди

Тошкентдаги International Hotel меҳмонхонасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (EХҲТ)нинг ОАВ эркинлиги бўйича ташкил этилган Марказий Осиё медиа конференцияси гибрид форматда ўтказилмоқда. 23-марта бўлиб ўтаётган тадбирда қатор мавзулар билан бирга минтақадаги ОАВ эркинлиги таҳлил қилинади.

Бу йилги анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, шунингдек, Мўғулистон ҳукумат идоралари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик фаолларидан таркиб топган 100га яқин иштирокчилар долзарб мавзулар бўйича фикр ва тажриба алмашмоқда.

Мазкур тадбирда Ўзбекистонда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этмоқда. У ўз сўзида ўтган даврда мамлакатда сўз эркинлиги шакллантиришда амалга оширилган ишлар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Мирзиёевага кўра, фактларни текшириш, яъни фактчекинг, ўз вақтида ҳақиқатга мос хабарлар берилиши, муаммоларни ёритиш, давлатнинг қўллаб-қувватловига муҳтож бўлмаслик – ўтган 5 йилда оммавий ахборот воситаларида кўзга ташланган ижобий натижалардир.

“Ўзбекистон очиқ маълумотлар манбалари бўйича дунё мамлакатлари орасида ТОП-5ликдан ўрин олган. Open Data Inception маълумотларига кўра, бу кўрсаткич борасида биз АҚШ, Испания, Франция ва Буюк Британия билан бир сафдамиз. Давлат харидлари ҳақида тўлиқ очиқ маълумот мавжудлиги баъзида анчагина жиддий муҳокамаларни келтириб чиқармоқда.

Сўз эркинлиги сабабли мамлакатимиз қанчалик ўзгараётганини кўриб турибмиз. Асосий эришган натижаларимиздан бири – бу фуқароларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида иштирокидир. Одамлар давлат бошқарувини баҳоламоқда ва танқидий қарашларини қўрқмасдан баён этмоқда. Барқарор фуқаролик жамияти шаклланмоқда”, – деди Саида Мирзиёева.

Масс-медиа фонди раисининг ўринбосарига кўра, Ўзбекистоннинг бу каби конференциялардаги иштироки ҳам сўз эркинлигига эришишнинг энг биринчи босқичи – цензура ҳамда ўз-ўзини цензуралаш ортда қолганининг ёрқин далилидир.

“Шу билан бирга, ҳозирда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган иллатлар: нафрат туйғусини ёйиш, сохта хабарлар бериш, инсонларни ўзаро тарқоқ ҳолга келтириш, зўравонликни тарғиб қилиш ва ёлғон хабарлар тарқатиш каби масалалар бизнинг ҳам муаммоларимиздир. Шубҳасиз, биз ўзаро хабардор бўлган ҳолда ушбу вазифаларни ҳал этиш учун барча чораларни кўришимиз керак. Бу замонавий ечим ва кескин қарор талаб қиладиган янги чақириқдир.

Биз қонунларни кескинлаштириш, турли мавзулардаги чиқишларни тақиқлаш, ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйиш ва фикрларни бошқариш орқали ижобий натижаларга эришиб бўлмаслигини ҳам яхши англаймиз. Буларнинг бари акс самара беради ва вазиятни янада чигаллаштиради.

Фикримча, қанча овоз кўп бўлса, танлов ҳамда ҳар қандай ахборотнинг ишончлилигини текшириш имконияти янада кўпроқ бўлади. Шунингдек, биз, одамларимизда ташқаридан бошқаришларга қарши иммунитет шакллантиришимиз керак. Ахборот бозорида ҳам рақобатлашиш осон эмас, ҳақиқат шов-шувли сарлавҳаларга мағлуб бўлмоқда. Аммо биздаги ОАВларнинг аксари ўқувчи ишончи ҳамда иззати энг асосий сармоя эканини англайди”, – таъкидлади Саида Мирзиёева.

Мавзуга оид