Ўзбекистон | 21:22 / 10.09.2021
11388
4 дақиқада ўқилади

Президент мактабларидаги стандартлар келгусида умумтаълим мактабларида ҳам жорий қилиниши керак — Шавкат Мирзиёев

“Президент мактаблари – бизнинг келажагимиз. Мен нима учун бу мактабларни намуна даражасида қиляпман – келажакда бу мактаблар таълим стандартлари умумтаълим мактабларига, халқ таълими тизимига тушиши керак, локомотивга айланиши керак”, – деди президент.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 сентябр куни таълим мавзусида видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлат раҳбари тадбирни Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё нажот ё мамот” сўзларидан бошлади ва таълим борасида сусткашликка йўл қўйган бирор мансабдор ўз вазифасида қолмаслигини айтди.

“Президент мактаблари – бизнинг келажагимиз. Мен нима учун бу мактабларни намуна даражасида қиляпман – келажакда бу мактаблар таълим стандартлари умумтаълим мактабларига, халқ таълими тизимига тушиши керак, локомотивга айланиши керак. Мен шуни йўлга қўйиб беряпман – кейинчалик бу стандартни бошқа мактабларга ёйиш сизнинг зиммангизда.

Биринчидан, ёшларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси билан қамраб олиш даражасини кенгайтириш зарур.

Мисол учун, Тошкент шаҳридаги 179-мактаб (ўқувчиларнинг 80 фоизи), Қўшкўпир туманидаги 34-мактаб (65 фоиз), Навоий шаҳридаги 8-мактаб (45 фоиз) энг фаол мактаб сифатида намуна кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида қўшимча 200 минг нафар ёшларни ўқитишни Ёшлар марказлари, “Ишга марҳамат” моно-марказлари инфратузилмаси негизида ташкил этиш зарур. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари йил якунига қадар бирорта мактаб “Бир миллион дастурчи” лойиҳасидан четда қолмаслигини таъминлаши шарт. Икки ой муддатда ушбу мактабларнинг ҳар бирига камида 10 тадан компьютер етказиб берилсин.

Ишметов бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратсин. Бу пулни ажратишни муҳокама ҳам қилманглар, керак бўлса яна ажратамиз”, – дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, бугунги кунда 4 та Президент мактабида 576 нафар, 3 та ихтисослашган ва 9 та ижод мактабида 1 минг 500 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шавкат Мирзиёев тарбия жараёнида миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳи асосий аҳамият касб этиши зарурлигини таъкидлади.

Ўқувчиларни мамлакатимиз тарихи, маданияти ва санъати билан кенгроқ таништириш, ҳарбий хизматчилар иштирокида ватанпарварлик дарслари ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.

Ихтисослашган мактаб ўқувчиларини ахборот технологиялари мутахассисликларига йўналтириш, ижод мактабларида веб-дизайн, компьютер графикаси, тасвирий ва рақамли санъат, аудиовизуал асарларни яратиш, таржимонлик, журналистика ва актёрлик маҳорати каби тўгараклар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида ушбу мактаблар муаллимларининг малакасини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ҳамда Андижонда унинг ҳудудий филиали ташкил этилиши белгиланди. Бу марказга хориждан малакали мутахассислар жалб қилиниб, фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларнинг малакаси оширилади, халқаро сертификатлар берилади.

Умуман, Президент мактабларига инвестицион ва инновацион йўналишларни жорий қилиш бўйича янги тизим ташкил этилади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги хориждан ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантлар жалб қилишга кўмаклашади. Шунингдек, хорижий мактаблар билан ўқитувчи ва ўқувчиларни алмашиш дастурлари амалга оширлади.

Мавзуга оид