Ўзбекистон | 19:56 / 14.09.2021
6714
2 дақиқада ўқилади

“Коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси қаерда олинган бўлса, кейинги дозалар ҳам айнан ўша ерда олиниши шарт деган кўрсатма йўқ” – Ботир Қурбонов

Коронавирусга қарши вакцинанинг илк дозасини олганлар навбатдаги дозани исталган ҳудудда олишлари мумкин. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов Kun.uz мухбирига маълум қилди.

6 сентябрдан республикадаги барча олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланиб, барча талабалар ўқув юртларига қайтишди. Таътил давомида ўз манзилларида коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини олган талабаларда кейинги дозаларни олиш юзасидан саволлар пайдо бўлмоқда. Уларда иккинчи ёки учинчи дозаларни олиш учун қаерга мурожаат қилиш борасида иккиланиш юзага келган.

Kun.uz мухбири ушбу саволга жавоб олиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов билан боғланди.

“Коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси қаерда олинган бўлса, кейинги дозалар ҳам айнан ўша ерда олиниши шарт деган кўрсатма йўқ. Республикадаги вакцина олган барча аҳоли emlash.uz дастурига киритилади. Дастурда фуқаронинг қачон, қаерда, қайси вакцинани олганлиги кўрсатилади. Агар талаба биринчи дозани ўз ҳудудида олиб, кейинги доза олинадиган муддатда ОТМда ўқиётган даврга тўғри келса, ҳар бир ОТМ бириктирилган ҳудудий поликлиникада навбатдаги дозани олиши мумкин. .ОТМларнинг барчаси ўзи жойлашган ҳудуддаги поликлиникаларга бириктирилган” деди у Kun.uz’га.

Мутасаддининг айтишича, бу кўрсатма бир жойдан иккинчи жойга кўчган фуқароларга ҳам тааллуқли.

“Агар фуқаро яшаш жойидан кўчган ёки вақтинча яшаш учун бошқа ҳудудга борган бўлса, ўша ҳудуддаги поликлиникага мурожаат қилади ва бемалол эмланиш имкониятига эга бўлади. Коронавирусга қарши эмланиш жараёнида фуқаронинг расман рўйхатдан ўтган жойининг аҳамияти йўқ”, – дея таъкидлади Қурбонов.

Мавзуга оид