«Ҳузурни ҳоким кўриб, узрни мухбир сўрасин»: фактчекинг ҳақида гапираётган пойтахт ҳокимияти ўзи ундан қочмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Юнусобод туманида тадбиркорнинг мулки бузилиши билан боғлиқ ҳолат Kun.uz таҳририяти ёритгандек эмаслиги, вазият бошқа нашрлар иштирокида синчиклаб ўрганилгани, воқеани ёритишда нохолисликка йўл қўйилганини рўкач қилиб, таҳририятдан узр сўрашни талаб қилмоқда. Воқеанинг қисқача мазмуни қуйидагича.
Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчаси бўйида жойлашган, фуқаро Улуғбек Шукуровга тегишли савдо дўкони йўл кенгайтирилиши сабабли бузилишга тушган. Компенсация масаласида оғзаки музокара олиб борилган, лекин бирорта келишув битими ёки бошқа ҳужжат имзоланмаган. Қайта таъкидлаймиз: мулкдор билан бирорта келишув битими ёки бошқа ҳужжат имзоланмаган.
Лекин ҳокимият вакиллари дўконни бузишга келишган, дўкон эгаси эса жанжал билан уни бузилишдан сақлаб қолган.
Воқеа Kun.uz сайтида ёритилганидан сўнг, кейинги куни Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов эълон билан ОАВ вакилларини йиғиб, дўкон эгасига компенсация тўланиши, эвазига пул ёки ўша дўконга тенг бино харид қилиб берилиши, дўкон компенсация тўланмасдан бузилмаслигини эълон қилди.
Бу воқеагача ҳам, бу воқеадан кейин ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги такрор ва такрор Kun.uz таҳририятидан кечирим сўрашни талаб қилмоқда.
Иккинчи муносабатда Kun.uz сайти ходимлари келгусида масалани ўрганишда журналистиканинг «факт чекинг» деган жойига алоҳида эътибор билан ёндашган ҳолда материаллар чоп этишидан умид қилиб қолинган...
Хўп, фактчекинг нима ўзи?
Аслида бу шунчаки замонавий бир сўз эмас. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати бу сўз бирикмасидан хабардорлиги уларнинг профессионаллигини англатмайди.
Фактчекинг — бирорта видео, фотосурат, мақола ёки хабарда фойдаланилган фактларни эълон қилишдан аввал бирма-бир текшириб чиқиш деганидир.
Энди қаранг: таҳририятга мурожаат бўлган. Мурожаатчи ўз оғзи билан нималар бўлганини сўзлаб берган. Таҳририят ходими саволлар билан ҳокимлик масъулларидан учтасига мурожаат қилган. Шахсан туман ҳокими билан ҳам гаплашган.
Ҳоким бузиш ишларига доир барча ҳужжатлар ҳамда қарор мавжудлиги, масъул шахслар томонидан тезда етказилиши ҳақида айтади. Аммо таҳририятга ҳокимнинг тегишли қарори эмас, 11 сентябр санаси билан имзоланган аллақандай маълумотнома тақдим этилган, холос.
Журналист мана шу ерда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати тилга олган фактчекинг билан шуғулланган.
Юнусобод туман ҳокимлиги тақдим этган маълумотномада «снос» бўлаётган ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги қарорига (!) асосан амалга оширилаётгани айтилади.
Лекин қонун ҳужжатлари миллий базаси (lex.uz)да айнан шу санада қабул қилинган ҳукумат қарорлари рўйхатида Тошкент шаҳрининг бирор кўчасини ободонлаштиришга оид қарор йўқ.
Журналист маҳаллий ҳокимлар қарорларининг реестри юритиладиган E-qaror онлайн базасини ҳам кўздан кечирган. У ерда ҳам Аҳмад Дониш кўчасидаги объектлар «снос»ига доир қарор топилмаган.
Ҳоким Жаҳонгир Иброҳимов қарор E-qaror платформасида бор-йўқлиги ҳақидаги сўровни ҳам жавобсиз қолдирган (дарвоқе, бу савол ҳамон очиқ турибди). Ҳокимлик киройи фактчекингга дош беролмаяпти-ку ўзи?
Хўш, пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати фактчекинг деганда нима назарда тутган экан-а?
Қолаверса, журналист Аҳмад Дониш кўчаси кенгайтирилишига қарши чиқмаган, тадбиркорнинг мулкини компенсация тўламай бузишга уринилгани ҳақида унинг тилидан ҳикоя қилган.
Ушбу мурожаат Kun.uz’да ёритилганидан кейингина Юнусобод тумани ҳокимлиги қонуний йўл тутилишини маълум қилди. Шунда ҳам компенсация энди тўланиши ва тўланганидан сўнг дўкон бузилиши айтилди.
Агар компенсация пули аввалроқ тўланган бўлганида ёки тадбиркорга у истаган бошқа мулк харид қилиб берилган бўлганида, Жаҳонгир Иброҳимов бошлиқ давлат ташкилотига журналист томонидан туҳмат қилинган дейиш мумкин эди ва раддия бериб, узр сўралса арзирди.
Лекин компенсация ҳали тўлангани йўқ. Қай тарзда тўланиши ҳам даргумон. Ҳокимларнинг бу каби ваъдаларини кўравериб, кўзлар пишиб кетган...
Кошки бу биринчиси бўлса!
Бу пойтахтда «снос» оқибатида юзага келган компенсация масаласи бўйича Kun.uz’да эълон қилинган биринчи мақола ёки суриштирув эмас.
Гарчи 2020 йил 19 декабр куни шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида 2021 йил охирига қадар пойтахтда 2005 йилдан бошлаб бузилиб кетган мулкларнинг пули тўланишини ваъда қилган бўлса-да, кўп ҳолатларда ҳануз бу ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда.
Масалан, халқ тилида «текстил чорраҳаси» деб ном олган Муқимий ва Шота Руставели кўчалари кесишмасида умумий овқатланиш корхонаси бузиб юборилган тадбиркор Мирёқуб Мирзааҳмедов 5 йилдан буён компенсация талаб қилиб чарчаган эди. Шаҳар ҳокимлиги суд қарорини икки пулга олмаётганди.
Шайхонтоҳур туманидаги бир МФЙ биносини қуриб битирган ва бошқа бир МФЙ биносини таъмирлаган, ИИБга мебеллар олиб берган, тадбиркор Рустам Муҳаммадга ваъда қилинган ерни ҳокимлик қарийб уч йилдан бери бермаётган эди.
Тошкент халқаро аэропортида «Тошкент-4» терминали қурилиши сабаб қилиниб, Сергели туманидаги Қўшқўрғон кўчасида уйлар «териб-териб» бузилган эди. Бузиш ишлари охирига етказилмаганди. Бунинг натижасида юзлаб фуқаролар вайроналар ичида яшашга мажбур бўлишаётганди.
Тошкент шаҳар, Миробод туманида фаолият кўрсатаётган «NIYAT SERVIS» хусусий корхонасига тегишли бўлган 1 млрд 365 млн сўмга баҳоланган 495 кв. метрлик бино-иншоот шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган эди. Эвазига 533,6 млн сўмлик ва 430,08 млн сўмлик 2та бино ажратилган. Ўринга-ўрин берилган объектларнинг баҳолаш қиймати 963,69 млн сўмни ташкил этиб, ўртадаги тафовут мулкдор фойдасига 401,54 млн сўмни ташкил этган ва ололмаган эди.
Яна бир ҳолатда суд Тошкент шаҳар ҳокимлигига 9 йил олдинги «снос» учун зарарни қоплашни юклаган эди. Судья пойтахт ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 1 млрд 198 млн сўм ундириш бўйича қарор чиқарган эди. Суд қарори чиқди, дегани тадбиркор пулли бўлганини англатмайди, албатта.
«L.» МЧЖ (номи ўзгартирилган) унинг мулк ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб, бизнес-омбудсманга мурожаат қилган эди. Аниқланишича, ҳокимнинг қарори билан ер майдони давлат эҳтиёжлари учун олингани натижасида тадбиркорга тегишли 87 кв. метрлик савдо дўкони бузилган экан. Мулк қарийб 4 млрд сўмга баҳоланган. Тадбиркор мурожаатига қарамасдан Тошкент шаҳар ҳокимлиги компенсацияни тўлаб бермаган эди. Судга киритилган даъво ариза натижасида Тошкент шаҳар ҳокимлигига бу МЧЖга қарийб 4 миллиард сўм компенсация тўлаб бериш мажбурияти юклатилган эди.
Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи Саидабуви Жўраеванинг турар жойи 2018 йилда бузилган ва суд қарори асосида Тошкент шаҳар ҳокимлигидан унинг фойдасига компенсация тариқасида 1 млрд 687 млн сўм ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати 2021 йил 26 июлда МИБга келиб тушган эди.
Юқоридагилар сайтда сўнгги бир йилда Тошкент шаҳридан бўлган мурожаатларнинг айримлари, холос. Уларнинг баъзилари ижобий ҳал этилган бўлиши ҳам мумкин. Лекин одамлар ўз ҳақини ажратиш учун қандай саргардон бўлгани барибир таассуфли ва таъсирли.
Ҳузурни ҳоким, узрни журналист...
Таҳририятдан узр сўрашни талаб қилаётганларнинг раҳбари шу таҳририят журналистларини ҳақорат қилиб, таҳқирлаб, таҳдид қилганида узр сўраганмиди?
Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Вахабов таҳририят журналистларига ҳужум қилганида, кетидан оғир жиноятда айблаб, туҳмат қилганида узр сўраганмиди?
Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Оққўрғон туманидаги маҳалла раиси Алишер Икромовни ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатганда узр сўраганмиди?
Бедодликни қаранг: фуқаролар ва тадбиркорларнинг уй-жойлари ва даромад келтириб турган мулкларини бузиб, эвазига миллиардлаб маблағларни ўз вақтида тўламасдан, ҳатто суднинг қонуний ҳал қилув қарорларини бажармасдан фуқаролар ва тадбиркорларни сарсон-у саргардон қилиб юрганлар узр сўрамас экан-да, шаҳардаги навбатдаги қонунсизликнинг олдини олиш учун микрофон кўтариб чиққан журналист ва унинг таҳририяти узр сўраши керак экан.
Кечириб қўясиз!
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти.
Мавзуга оид
18:40 / 26.04.2024
Тошкентда банклар томонидан битирувчилар ва талабалар учун 100 мингта янги иш ўринлари яратилади
15:44 / 05.04.2024
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир қанча лойиҳалар концепциясига 825 млн сўм ажратди
10:06 / 07.10.2023
Ботаника боғи пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги муассаса ихтиёрига ўтказилмоқда
09:26 / 16.07.2023