Ўзбекистон | 10:06 / 15.09.2021
9840
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда сохта ҳужжат билан чиқарилган қарор сабаб 160 туп тут кесиб ташланди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 160 тупдан ошиқ тут дарахти кесиб ташлангани ва тутзор боғ ўрнида қурилиш бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси муносабат билдирди. Унга кўра Шўрчи туман ҳокимлиги сохта ҳужжатга асосланиб қарор чиқарган.

Фото: qalampir.uz

Муносабатда маълум қилинишича, Шўрчи туманида 160 туп тут дарахти кесилгани ҳақидаги хабар тарқалгандан сўнг, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқарув раисининг топшириғига асосан Сурхондарё вилоят «Агропилла» МЧЖ раҳбари Ш.Чориев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилган. Масъул ходимлар мазкур ҳолатни ўрганиш учун воқеа жойига борган.

Аниқланишича, жорий йил 13 сентябрдан 14 сентябрга ўтар кечаси Шўрчи тумани Ободон ҳудуди М41 Бишкек-Душанбе-Термиз халқаро автомобиль йўли ёқасида жойлашган 4 гектарлик тутзордан 160 тупдан ошиқ тут дарахти номаълум шахслар томонидан кесилиб, томири билан қўпориб олинган.

Тут дарахтларининг ўрнида 14 сентябр эрта тонгдан қурилиш ишлари бошланган. Узунлиги 40 метр, энига 18 метр бўлган йирик бинонинг пойдевори қурилишида 8-10 нафар киши ишлаб турган. Мазкур тутзор «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси тизимидаги «Шўрчи Тайёрлов Агропилла» МЧЖнинг балансида бўлган ва бу ҳақда далолатнома тузилиб уюшмага топширилган.

Ўрганиш давомида, кесилган тутзор ўрни Шўрчи тумани ҳокимининг 2021 йил 8 апрелдаги Қ-708-сон қарори билан «Олтин учбурчак» лойиҳаси раҳбари Дилором Ўролавага автобус бекати ва санитария-гигиеник (маиший хизмат кўрсатиш) шохобчаси қуриш учун ажратиб берилгани аниқланган.

Туман ҳокимининг қарорида Шўрчи тумани Ободон ҳудудидаги тутзор майдоннинг «Шўрчи Тайёрлов Агропилла» МЧЖ томонидан туман ҳокимлиги балансига «Шўрчи Тайёрлов Агропилла» МЧЖнинг 2021 йил 29 мартдаги 02-17-01/2209-сонли хатига асосан қайтарилгани кўрсатилган. Аммо жараён ўрганилганида «Шўрчи Тайёрлов Агропилла» МЧЖ томонидан ушбу тутзорнинг Шўрчи тумани ҳокимлиги балансига қайтарилиши тўғрисида ҳеч қандай хат чиқарилмагани маълум бўлган.

Ишчи гуруҳининг ўрганиш хулосалари асосида Шўрчи тумани прокурорига билдириш хати билан чиқилган ва ҳудудда қурилиш ишлари тўлиқ тўхтатилган.

Қайд этилишича, «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси томонидан ушбу ноқонуний қилинган хатти-ҳаракатлар юзасидан суриштирув олиб бориш ва ушбу жиноятнинг асл сабабчиларини аниқлаш ҳамда уларга қонунда кўрсатилган тартибда чора кўришларини сўраб, 2021 йил 14 сентябр куни Бош прокуратура ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига хат киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Денов шаҳрида 109 туп ноёб дарахт кесиб ташланганди. Бундан ташқари, Термиз шаҳрида ҳам халқаро савдо маркази қуриш учун ажратилган ҳудудда кўплаб дарахтлар кесилганди.

Маълумот учун, жорий йил 9 сентябр куни президент ЎзЛиДеП Қурултойида сўзлаган нутқида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинишини эълон қилганди.

Мавзуга оид