Жаҳон | 20:53 / 16.09.2021
11213
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг яна бир собиқ бош вазири “Қумтор” кони иши бўйича ушланди

Қайд этилишича, Оторбаев бош вазирлик даврида хорижий компания манфаатлари учун “Қумтор”даги Лисий ва Давидов музликлари йўқ қилинишига шароит яратиб берган.

Фото: Табылды Кадырбеков

Қирғизистон собиқ бош вазири Жоомарт Оторбаев “Қумтор” конидаги коррупция иши бўйича суриштирув доирасида ушланди. Бу ҳақда мамлакат давлат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

“16 сентябр куни Оторбаевни ушлаш юзасидан қарор чиқарилди”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Оторбаев бош вазирлик даврида хорижий компания манфаатлари учун “Қумтор”даги Лисий ва Давидов музликлари йўқ қилинишига шароит яратиб берган. Хусусан, у конда экологик экспертиза ўтказиш билан шуғулланган тегишли органларга босим ўтказган.

“Гумонланувчи давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди”, – дейилади хабарда.

Оторбаев 2014-2015 йилларда Қирғизистон ҳукуматига раҳбарлик қилган.

Аввалроқ Қирғизистон собиқ президенти Сооранбай Жээнбеков “Қумтор иши” доирасида миллий хавфсизлик давлат қўмитасига гувоҳ сифатида сўроқ бериш учун чақиртирилганди.

Ушбу иш бўйича собиқ бош вазирлар Муҳаммадкалий Абилгазиев ва Темир Сариев ҳибсга олинган. Яна бир собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ҳеч қаёққа кетмаслик ҳақидаги тилхат билан озодликка чиқарилган.

Мавзуга оид